Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ томонидан ҳудудда содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳаракатланиш маданиятини ошириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Афсуски, шунга қарамасдан инсон омили билан содир бўлаётган кўнгилсизликлар тез-тез учраб турибди.
Жумладан, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида Зарафшон шаҳрида 8 та йўл транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб, 1 нафар фуқаро вафот этган. 7 нафар фуқаро тан жароҳати олиб, касалхоналарга ётқизилган. Автоҳалокатларнинг асосий қисми пиёда ва велосипедчини уриб юбориш ҳамда тўқнашувларга тўғри келади.
Юқоридаги каби салбий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш мақсадида шаҳар кўчалари бўйлаб тарғибот автокарвони ҳаракатланиб ўтди. Фуқаролар гавжум жойлар, бозорлар, бекатларда ҳайдовчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда. Тезлик меъёрий қоидаларига амал қилмаслик, қарама-қарши ҳаракатланиш, пиёдаларга йўл бермаслик, эътиборсизлик ва эҳтиётсизликнинг аянчли оқибати фалокат билан тугаётганлиги, доим йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш лозимлиги уқтирилмоқда.
Тарғибот тадбирлари “НКМК” АЖ Марказий кон бошқармасига қарашли 9-сонли автобазада давом эттирилди. Барча ҳайдовчилар огоҳликка чақирилиб, янги қабул қилинган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар, хабар ва янгиликлар билан таништирилди. Транспорт воситаларини ўз вақтида техник кўрикдан ўтказиш, йўловчиларни манзилларига хавфсиз етказиб боришлари ҳақида тавсиялар берилди.
Кейинги йилларда гўзал қиёфа касб этаётган Зарафшон шаҳрида йўл инфратузилмасини яхшилаш, ҳаракат иштирокчиларига муносиб шарт-шароитлар яратиш юзасидан ҳам бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.
[gallery-25725]
– Ҳаракат иштирокчилари, пиёдалар, велосипедчиларнинг ҳаракатланиши учун муносиб шарт-шароит яратиш мақсадида 1,2 километрлик пиёдалар йўлаги, 800 метрлик велосипед йўлаги ташкил этилди. Зарур жойларга йўл белгилари ўрнатилиб, йўл ётиқ чизиқлари чизилди, – дейди Зарафшон шаҳар ИИБ ЖХХ ЙҲХГ катта инспектори Ғолиб Қўлдошев.
– Болалар ва пиёдалар иштирокида содир бўлаётган кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида барча умумтаълим мактаблари олдига қавариқ пиёдалар ўтиш жойлари ташкил этилди. “Хавфсиз ҳудуд” дастури доирасида шаҳар ҳудудидаги 21 та чорраҳада автомашиналар давлат рақамини ҳамда одамларнинг юз қиёфасини аниқловчи кузатув камералари ўрнатилди. Бу орқали ҳудудда содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, ҳаракат хавфсизлиги таъминланмоқда.
Албатта, фуқароларнинг хавфсиз ҳаракатланишини ташкил этиш, ҳудудда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар эътирофга лойиқ. Аммо бунда барча бирдек масъулиятни ҳис этмоғи, белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилмоғи лозим.
– Навоий вилояти асосан чўл ҳудудлардан ташкил топган бўлиб, Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманларида бир хил манзарани касб этувчи йўллардан иборат бўлганлиги сабабли чарчоқ оқибатида транспорт воситасини бошқариш натижасида қарама-қарши томонга чиқиб кетиш, ухлаб қолиш ва бунинг оқибатида ағдарилиб кетиш ҳолатидаги йўл транспорт ҳодисалари содир этилиши кўп кузатилади, – дейди вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ахборот гуруҳи катта инспектори Фаррух Якубов.
– Таҳлиллардан келиб чиққан ҳолда бу ҳудудларда содир бўладиган йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳайдовчиларнинг ҳушёрлигини ошириш мақсадида йўлларга шовқин берувчи махсус чизиқлар чизилди. Шунингдек, бу ҳудудларда йўллардан туя, от, қўйлар каби уй ҳайвонлари чиқиб қолиши оқибатида ҳам тўқнашувлар содир этилади. Шу боисдан чорва моллари эгалари билан ҳам турли тарғибот тадбирлари, суҳбатлар олиб борилмоқда. Ҳайдовчиларнинг ҳушёрлигини ошириш мақсадида халқаро аҳамиятга эга А-379 йўлининг чўл ҳудудларига ҳайдовчиларнинг тезликни оширмаслик, қўл телефонига чалғимасликни тарғиб қилувчи банерлар ўрнатилди. Бундан ташқари, йўлларнинг ҳолати яхшиланди. Ҳайдовчиларнинг узоқ масофалардан келиб, чарчоқ чиқаришлари учун ТИР парклар ташкил қилинди. Ушбу махсус тураргоҳларда олис йўлга қатновчи ҳайдовчилар тўхтаб, ухлаб, дам олиши ва йўлда давом этиши мумкин.
Бугунги кунда ҳам вояга етмаганлар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш долзарблигича қолмоқда. Ваҳоланки, бунда уларнинг айби йўқ. Аслида биз катталарнинг эътиборсизлигимиз-у, ўз вақтида уларга қоидаларга амал қилишни ўргатмаётганлигимиз оқибати бу.
Зарафшон шаҳридаги 8-умумтаълим мактабида 1000 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олади. Тарғибот инспекторлари таълим муассасасида бўлиб, дастлаб юқори синф ўқувчилари билан учрашди. Йиғилганларга пиёдалар иштирокидаги автоҳалокатларнинг олдини олишга қаратилган видео ролик намойиш этилиб, улар амал қилиши керак бўлган муҳим қоидалар тушунтирилди. Пиёда ва велосипедчининг мажбуриятлари айтилиб, қоидаларга жиддий аҳамият қаратиш, мототранспорт ва автомашина бошқариш ёшига етмай, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмай туриб бошқарувга ўтирмаслик таъкидланди.
– Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш ҳақиқатда ҳам умр фойдасига хизмат қилади. Унга амал қилиш эса ёшу каттанинг бурчи ҳисобланади, – дейди мактаб директори Асолат Искандарова. – Мактабимизда ички ишлар бўлими йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи ходимлари билан ҳамкорликда иш олиб борамиз. 2023 йилда мактабимизда йўл ҳаракати хонаси ташкил этилди. Ушбу хонада ўқитувчи ва ўқувчилар иштирокида тарғибот тадбирлари, тарғибот дарсларини ўтказамиз. Аслида ёшларга йўл маданиятини ўргатиш, йўл ҳаракати қоидаларини ёшликдан сингдириб бориш биз катталарнинг бурчи ҳисобланади. Ўйлайманки, олиб борилаётган тарғибот ва тушунтиришлар, ўтилаётган дарслар натижасида йўл транспорт ҳодисалари камаяди.
Мактабда ташкил этилган йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш синф хонасида бошланғич синф ўқувчилари билан давом эттирилган тарғибот тадбирлари давомида болаларга айрим йўл белгилари, светофор турлари ҳамда йўлни кесиб ўтиш тартиби яна бир бор ўргатилди. Велосипедни автомобиль йўлларида 14 ёшга тўлмасдан туриб бошқармаслик, уни жиҳозлашда аҳамият қаратиш лозим бўлган жиҳатлар ҳақида маълумотлар берилди.
Томди туманидаги 15-умумтаълим мактабида ҳам “Йўл ҳаракати қоидаларини ўрганиш болаликдан бошланади” шиори остида профилактик суҳбат ўтказилди.
Унда амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари” тушунтирилиб, йўлларда хавфсиз ҳаракатланишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатларга алоҳида урғу берилди. Йўлнинг қатнов қисмидан кесиб ўтишда пиёдаларнинг мажбуриятларини ёдда тутиш, светофорнинг тақиқловчи чироғида ҳаракатланиш билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатларга йўл қўймаслик уқтирилди.
Шунингдек, скутер, мопед, мотоциклни бошқариш учун қўйилган талаблар тўлиқ етказилиб, ўзбошимчалик билан мазкур турдаги транспорт воситаларини бошқармаслик тушунтирилди. Туман ҳудудининг ўзига хос географик шароитидан келиб чиққан ҳолда ҳаракатланиш, пиёда ва йўловчилар амал қилиши керак бўлган шартлар санаб ўтилди.
Албатта, йўлларда доимо сергак бўлиш, ўйинқароқлик қилмаслик, ҳаракатланиб келаётган транспорт воситаси тезлиги ва масофасини инобатга олиш мақсадга мувофиқлигини эсдан чиқармаслик лозим. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш эса фойдадан ҳоли бўлмайди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ouXnRqYt2jA" title="Yo‘l qoidasi – umr foydasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, С.Аслонов (сурат,+видео), ЎзА