Барчамиз истаймизми, йўқми деярли ҳар куни йўл ҳаракати иштирокчиларига айланамиз. Йўл эса қоидаларга амал қилганларни ёқтиради. Бу ҳар биримизнинг ҳаётимиз ва соғлигимиз гаровидир. Ушбу қоидаларга амал қилмасдан ҳаракатланиш эса йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлишига, бунинг оқибатида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига зарар етишига сабаб бўлади.
Сўнгги йилларда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, содир этилиши мумкин бўлган йўл транспорти ҳодисаларининг олдини олиш ва ҳайдовчиларни тартибга чақириш мақсадида йўлларда турли кўринишдаги қоидабузарликларни қайд этувчи мосламалар ўрнатила бошланди. Улар сони ортгани сари радарлардан қочишга уринишлар ҳам кўпая бошлади. Бироқ ҳозир сўз улар ҳақида эмас. Балки қоидабузарлик қилиб белгиланган жаримани ўз вақтида тўлашни пайсалга солиб келаётган ҳайдовчилар энди ҳушёр тортишлари аниқ. Сабаби Бухорода бу каби ҳайдовчиларни аниқлаш учун кенг кўламли тадбирлар бошланди. Шаҳар кўчаларида махсус автомашиналар жаримадан қарздорлиги бўлган ва қидирувдаги автомашиналарни қайд этишни бошлади.
– Хусусан, ўтган 5 кун мобайнида маъмурий жарималарни ундириш билан боғлиқ бир неча юзлаб автомашиналарнинг қарздорликларини ундириш ишлари таъминланди, – дейди Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Ахборот гуруҳи катта инспектори, капитан Улуғбек Шукурлаев. – Шунингдек, 144 та автотранспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштирилди. Қидирувдаги 52 та автотранспорт воситалари топилди. 79 автотранспорт воситалари давлат ижрочилари томонидан хатланди.
Ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлаш жараёнида, бир шахснинг 10 дан ортиқ ҳуқуқбузарлик содир этиб, тўламасдан келаётган маъмурий жарималарини ундиришга асосий эътибор қаратилмоқда. Таҳлилларга кўра, 10 ва ундан ортиқ маротаба йўл ҳаракати қоидаларини бузган 27 нафар фуқаронинг 48 та маъмурий жаримаси мавжудлиги аниқланди. Ушбу қарздорликларни ундириш ишлари ташкил этилмоқда.
[gallery-14891]
Шу билан бирга вилоят ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобиль йўлининг 212 км да жойлашган Сармижон ЙПХ масканига ҳам худди шундай мослама ўрнатилди. Вилоятга кираётган ва ҳудуддан чиқиб кетаётган автомашиналар орасида жарима тўловлари аниқланган ва қидирувда бўлган автомобиллар аниқланмоқда. Қурилманинг яна бир қулайлиги унга мос равишда масканга овоз кучайтиргич ҳам ўрнатилган бўлиб қурилма аниқлаган автомобиль ҳақидаги хабар у орқали эълон қилинади. ЙПХ инспектори эса автомашинани тўхтатиб ҳайдовчидан қарздорликни ундиради. Қарздорлик бартараф этилмаган тақдирда автомашина шу ернинг ўзидан жарима майдонига олиб кетилади.
Бу каби тадбирлардан кўзланган мақсад албатта ҳайдовчиларни жазолаш эмас, аввало ҳайдовчиларни ҳушёрликка чақириш ва имкон қадар йўл қоидаларини бузмасликни таъминлашдан иборат. Негаки ҳар қандай қоидабузарлик энг камида оилавий бюджетга зарар етказади. Энг ёмон ҳолатда эса инсон ҳаёти ва соғлиги учун хавф туғдиради.
Вилоят ҳудудида пиёдалар иштирокида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган “Диққат пиёда!” ойлиги давомида, ходимлар томонидан пиёдалар иштирокидаги нохуш ҳолатларнинг, йўл-транспорт ҳодисалари ва ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шароитларини таҳлиллари асосида йўл инфратузилмасини яхшилаш, пиёдаларга қулайликлар яратиш борасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилди.
– Биргина тадбир давомида автомобиль йўллари ва шаҳар кўчаларида жами етишмаётган 49 дона йўл белгилари ўрнатилди. 75 дона йўл белгилари нур қайтарувчи йўл белгиларга алмаштирилди, – дейди капитан Улуғбек Шукурлаев. – 5 км масофадаги йўл ётиқ чизиқлари ҳамда 27 та пиёдалар ўтиш жойлари чизилди. Шунингдек 3 дона автотранспортлар ва пиёдалар ҳаракатини тартибга солувчи светофор қурилмалари режимлари ўзгартирилди. 1 та жойда эса пиёдалар ўтиш жойида светофор қурилмалари устунлари ўрнатилди. Яна бир аҳамиятли жиҳатлардан бир 24 та пиёдалар ўтиш жойида (“фиалка” типидаги) ёритиш чироқлари ўрнатилди. Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида жами 2,5 км узунликдаги пиёдалар йўлаклари (тротуарлар) қурилди. 1,6 км узунликда пиёдалар йўлакчалари (тротуарлар)га ёритиш чироқлари ўрнатилди. Бу ўз навбатида ҳайдовчиларни, пиёдалар ва бошқа ҳаракат иштирокчиларининг хавфсиз ҳаркатланишига замин яратади.Вилоятда тирбандликнинг ҳосил бўлишига имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитлар тизимли равишда таҳлил қилинади. Йўл-транспорт ҳодисалари ва йўллар бандлигининг олдини олиш, шаҳар кўчаларида тирбандликларни камайтириш, пиёдалар ва транспорт воситалариннги ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилиши давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (видео, сурат), ЎзА мухбирлари.