Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотига кўра, Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида пасайиш тенденцияси кузатилди. Сентябрь ойида рўйхатга олинган кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони август ойига нисбатан 4,2 фоизга камайиб, 21,2 мингтани ташкил этган.
Йиллик ҳисобда кўчмас мулк бозорида фаоллик сезиларли пасайиб, ўтган йилнинг сентябрь ойига солиштирганда уй-жой савдоси билан боғлиқ шартномалар сони 9 фоизга камайган. 2024 йилнинг учинчи чорагида йил давомида уй-жой савдоси 13 фоизга камайиб, 66,5 мингтани ташкил этди.
Сентябрь ойида ҳудудлар кесимида рўйхатга олинган кўчмас мулк битимлари сонида энг катта пасайиш Жиззах, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида мос равишда 20 фоиз, 14 фоиз ва 13 фоизга қайд этилди. Учинчи чорак якунларига кўра, кўчмас мулк бозоридаги фаоллик Тошкент (25,7 фоиз), Бухоро (24,3 фоиз) ва Наманган вилоятларида (18,7 фоиз) нисбатан сезиларли даражада пасайган.
Жорий йилнинг сентябрь ойида республика бўйича иккиламчи бозор учун уй-жой нархлари деярли ўзгармади (0,1 фоизга ўсиш). Йил давомида иккиламчи бозорда 1 квадрат метр учун ўртача уй-жой нархи 6,7 фоизга ошди. Ҳудудлар кесимида иккиламчи бозор уй-жой нархлари сезиларли даражада Хоразм (19,5%), Бухоро (12,5%) ва Самарқанд (10%) вилоятларида кўтарилган.
Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар 1 фоизга пасайди. Энг катта пасайиш Мирзо Улуғбек — 2,5 фоиз ва Юнусобод — 2,4 фоиз туманларида кузатилди. Пойтахтнинг яна иккита туманида нархлар ошди — Яккасаройда — 1,1 фоиз ва Шайхонтоҳурда — 0,3 фоизни ташкил этди. Йиллик ҳисобда Тошкентда иккиламчи уй-жойлар нархининг ўртача ўсиши 1,8 фоизни ташкил этди.
Сентябрь ойида Тошкент шаҳрида уй-жой ижара нархларининг барқарорлашуви давом этди. Ижара ўртача нархи ўтган ойга нисбатан ўзгармаган – 1 квадрат метр учун 8,3 доллар. Жорий йилнинг август-сентябрь ойларида ижара нархларида ўртача ўсиш қайд этилиши бозордаги вазиятнинг барқарорлашувидан далолат беради.
Пойтахтнинг 14 та марказий туманларидан учтасида уй-жой ижараси нархи пасайди. Ижара нархи Олмазорда — 14,6 фоиз, Учтепада — 7,4 фоиз, Бектемир туманида — 3,8 фоизга пасайган. Шунингдек, нархларнинг энг катта ўсиши Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида қайд этилиб, туманларда ижара нархи ўртача 7 фоизга ошди. Тошкент шаҳри туманлари кесимида ижара нархидаги фарқлар кескин ўзгармаган. Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи нисбатан юқори бўлиб, ижара нархи 10 доллар атрофида.
Бектемир ва Сергели туманларида ижара нархлари нисбатан арзон шаклланиб, квадрат метр учун ўртача 6 долларни ташкил этди. Ўтган йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳрида ижара нархлари бугунги кунга нисбатан ўртача 8,4 фоизга юқори. Бу эса бозорнинг ушбу сегментида умумий пасайиш тенденцияси сақланиб қолинаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, йил давомида ижара нархининг сезиларли пасайиши Яшнобод (16,2 фоиз), Олмазор (12,2 фоиз) ва Яккасарой (11 фоиз) туманларида кузатилди.
Маълумот учун: Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозори Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг тадқиқот йўналишларидан бири бўлиб, унда бирламчи ва иккиламчи кўчмас мулк бозорларидаги фаоллик динамикаси тақдим этиб борилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА