Пиллачилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига қарашли Яйлов хўжаликларини ривожлантириш уюшмаси ташаббуси билан ўтказилган матбуот анжуманида соҳа мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Анжуманда Яйлов хўжаликларини ривожлантириш уюшмаси раиси Эркин Ҳайитов Президентимиз фармон ва қарорлари ижроси доирасида соҳада амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг аҳамияти, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чора-тадбирлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Таъкидланишича, Президентимизнинг 2020 йил 2 сентябрдаги фармонига кўра, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига 17 миллион 416 минг гектар ер ажратилган. Бу ҳудудларда 53 та кластер ташкил этилган. Жорий йилда мазкур кластерлар фаолиятини намунали йўлга қўйиш орқали соҳада 16 минг тонна гўшт, 16 минг 500 тонна жун, 6 минг 600 тонна жундан ип-калава, 3 минг 400 квадрат метр кийгиз, 329 минг квадрат метр қўлда тўқилган жун гиламлар, 666 минг дона сифатли, ранг-баранг қоракўл терилар ҳамда 227 тонна доривор ўсимлик – каврак хом ашёси ишлаб чиқариш белгиланган. Шунингдек тизимда 154 та янги лойиҳаларни ишга тушириш ва мавжуд корхоналарда модернизация ишлари учун 318 миллион доллар миқдоридаги инвестиция маблағлари ўзлаштирилади. Энг муҳими мана шу ислоҳотлар натижасида тармоқда доимий ва мавсумий ишловчилар сони 92 минг кишидан ошади.
Яйловлардан янги давр талабига кўра, фойдаланишга ўтиш нафақат чорвани кўпайтиришга, ўша ҳудудларда яшаётган аҳоли турмуш даражасини кўтариш, тизимда ишлаб чиқариш кўламини янада кенгайтириш, экспорт салоҳиятни ошириш имкониятини яратади. Ўлкамизнинг жуда катта қисмини эгаллаган яйловлар, қир-адирлар, бепоён чўл ҳудудларида бебаҳо бойлик – ўзбек қоракўл қўйлари кўпайтирилмоқда.
Наслчилик ишлари, илмий тадқиқотлар давом этмоқда. Марказдан неча юзлаб километр узоқликда, олис отарларда яшаб, чўпонлик таёғини эъзозлаб келаётган заҳматкаш одамлар ҳаётини тўкин, баракали бўлиши албатта табиатга, йилнинг нечоғлик ёғинли бўлишига ҳам боғлиқ.
Чунки чўл гиёҳлари, ўт-ўланлар, қўйтикан, янтоқ сингари ўнлаб, юзлаб ўсимликлар борки, улар ҳар қанча қурғоқчиликка чидамли бўлмасин, оби-ҳаётга, сувга ташна, ана шу сабабли ҳам ўз тақдирини қоракўлчилик билан бевосита боғлаган чўпонларни осмонга қараган одамлар деб айтишади. Осмон бу ёғингарчилик, осмон бу чўпонлар учун тўкинликдир.
Анжуманда Эркин Ҳайитов таъкидлаганидек, уюшма томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар, хайрли саъй-ҳаракатлар тизимдаги муаммоларни бартараф этган ҳолда инновацион тамойилларга кўра ишлаб чиқаришни янада такомиллаштиришдан иборат бўлмоқда. Уюшма раиси тизимда юқори малакали мутахассислар ишлаётгани, улар замонавий технологияларга таянган ҳолда хориж билан ҳамкорликни йўлга қўйишга интилаётганини алоҳида таъкидлади.

– Биласиз, қўй жунидан тўқиладиган афғон гиламлари дунё бозорида, хусусан Европада жуда харидоргир, – деди Эркин Ҳайитов. – Ана шу ҳолат бизни қўшни афғонистонлик тадбиркорлар билан узвий алоқа ўрнатишга ундади. Афғонистондан зотдор қўчқорлар олиб келиш, шу орқали саноат талабига мос келадиган жун берувчи қўйлар подасини яратишга ҳам киришдик. Кластерлар, хўжаликларга тегишли отарларда жундан сифатли маҳсулотлар тайёрлаш, ана шу мақсадда кичик корхоналар ташкил этишга киришилди. Аслида бу оддий жараён эмас, балки катта шаҳарлардан фарқли равишда аҳоли тарқоқ жойлашган ҳудудларда жун ва терини қайта ишлаш корхоналарини кўпайтириш орқали қўшимча қиймат занжирини яратиш, янги иш ўринлари деганидир. Чўл бағрида, марказдан жуда олисда янги иш ўрни яратиш том маънода қаҳрамонликдир. Президентимиз томонидан соҳага берилаётган беқиёс эътиборни бугун оддий чўпон ҳам қоракўлчилик тизимидаги мутахассислар ҳам яққол сезиб турибди. Шу ўринда яна бир гапни айтиб ўтишим керак, яқинда европадан бир гуруҳ меҳмонлар келди.
Янгиликларни кўрсатдик, режаларни айтдик. Яйловларимиз ҳолатига улар юқори баҳо берди. Келгусида яйловларни янада бойитиш, улардан самарали фойдаланиш борасидаги таклифларимизга катта қизиқиш билдирилди. Айни чоғда ҳукумат топшириғига кўра, яна бир муҳим масала – коврак ўсимлиги, уни кўпайтириш, йиғиш ва қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Илгари ҳам яйловлардан коврак териб олинган, аммо бу иш тартибсиз бажарилган. Бебаҳо чўл неъмати саналган ковракдан давлат, жамият кутилганидек манфаат топмаган. Эндиликда коврак масаласи, уни қайта ишлаш, экспорт қилиш, бир сўз билан айтганда бу борада ҳам қўшимча қиймат занжирини яратиш давлат эътиборига тушди. Биз бугун ковракчиликни янги поғонага кўтариш, ҳар бир жараённи назоратга олишга алоҳида эътибор қаратганмиз. Шу йилнинг ўзидаёқ Бухоро, Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида каврак бўйича аҳоли билан кооперация асосида ҳамкорликда ишловчи кластерлар ташкил этиш, кейинги тўрт йил ичида бу экин турини 30 минг гектар ерда маданий ҳолда етиштириш, шу тариқа 14 минг 210 кишини доимий иш билан таъминлаш кўзда тутилган. Жорий йилда эса 6 минг гектар ерда кавракзорлар ташкил этилади.
Анжуманда уюшма раиси ва мутасаддилар журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди. Келгусидаги режалар ҳам айтиб ўтилди.
– Жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришларни ўз кўзимиз билан кўрайлик десангиз, чўпонлар ҳаёт тарзи, қайта ишлаш корхоналари фаолияти, кластерлар шижоати сизларни қизиқтирса, марҳамат пресс-тур уюштирсак бўлади. Ўйлайманки, шу орқали янги қаҳрамонларни, яйлов баҳодирлари, қоракўлчилик фидойиларини кашф этасиз, – деди уюшма раиси. Бу таклиф кўпчиликка маъқул келди ва яйлов хўжаликлари билан оммавий ахборот воситалари ходимларининг ҳамкорлиги пресс-тур шаклида давом этадиган бўлди.
Абдунаби Алиқулов, ЎзА