Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Раҳмат Файзий хотирасига бағишланган "Ҳазрати Инсон" номли кўргазманинг очилиши бўлиб ўтди.
Раҳмат Файзийнинг "Сен етим эмассан" ҳамда "Ёр-ёр" кинофильмлари учун яратган сценарийлари халқаро эътирофга сазовор бўлиб, ўзбек томошабинлари қалбидан жой олган.
Тадбирда қайд этилганидек, 1960-70-йилларда Раҳмат Файзий “Ўзбекистон хотин-қизлари” ва “Саодат” номли аёллар журналларида ўзбек аёллари ҳаёти ҳақида бир қатор мақолалар чоп этди.
[gallery-25963]
Уларда доно, кузатувчан кекса аёл Ростонбувининг адабий образидан фойдаланилган.
Ростонбуви образи орқали муаллиф муҳим мавзуларни кўтарди. Жумладан, аёлларнинг жамиятдаги ўрни, оилавий қадриятлар, меҳнат ва фарзандлар тарбияси кабиларни жуда чиройли ёритган.
“Раҳмат Файзийнинг адабий мероси” блоки ёзувчи ижодий ҳаётининг турли даврлари – дастлабки ҳикояларидан тортиб, етук романларигача яратилган асарларига бағишланган. Тақдим этилган асарлар орасида немис, словак, араб, вьетнам, қозоқ тилларига таржима қилинган “Ҳазрати Инсон” романининг хорижий нашрлари алоҳида эътиборга лойиқ.
Кўргазмада Раҳмат Файзийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Шунингдек, кўргазмадан адибнинг давлатимиз томонидан орден ва мукофотлар, фахрий ёрлиқлар ва дипломлар билан тақдирланиши жараёнлари, қўлёзмалари, уларнинг нусхалари, асарларни яратиш жараёни акс этган фотосуратлар ўрин олган.
Раҳмат Файзийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги газета ҳамда журналлардаги нашрлар ҳам шулар жумласидан.
Таъкидланганидек, ушбу кўргазма ўз ижодини она халқининг меҳр-муҳаббати, фидокорона меҳнати, болаларга бўлган ғамхўрлигини улуғлашга бағишлаган Раҳмат Файзийнинг буюк истеъдодига кўрсатилган ҳурмат ва эътибор намунаси бўлди.
Гулноза Бобоева,
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА