“Халқаро минбар” лойиҳасида “Arab News” нашри катта муҳаррири Арнаб Нил Cенгуптанинг “Яхши дунё болаларни тарбиялашдан бошланади” сарлавҳали мақоласи тақдим этилади.
Ўтган аср 60-йиллари ўрталаридан 80-йилларигача туғилганлар, яъни “gen xers” – Эксерлар авлоди учун бугунги дунё тобора мураккаблашиб бораётгандек туюлиши мумкин. Ҳозир сиёсий муаммо, иқтисодий ноаниқлик ёки тез ўзгарувчан ижтимоий меъёр одатий ҳолга айланган. Кўпинча биз машҳур иқтибос, таржимаи ҳол, нутқ ва ҳатто, подкастдан маъқул ечим қидирамиз. Афсуски, гуллаб-яшнаётган жамиятнинг энг асосий меъмори – фарзандимизни эътиборсиз қолдирамиз.
Яхши дунё мавҳум ғояга эмас, балки ота-онанинг келгуси авлодга қолдирадиган қадрияти, кўникмаси ва хусусиятига асосланади. Кундалик ҳаёт босими ва замонавий дунё талаби остида бўлса ҳам, ота-она эрта болалик тажрибаси когнитив ва ҳиссий ўсиш учун асос бўлишини унута олмайди. Демак, гўдакликдан ўсмирликкача бўлган даврда тарбияланувчи учун муҳит – зарурат. Ёш йигит ёки қизнинг ота-она, тарбиячи, дўст, ўқитувчи ва атрофдаги дунё билан муносабати уни интеллектуал жиҳатдан шакллантиради.

Фарзандимизга оммавий ахборот воситаси ҳам сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Медианинг ижобий таъсири доимий ижтимоий-руҳий кўникма ҳосил қилиб, болага ўз ҳис-туйғусини бошқариш, жамият билан соғлом муносабат ўрнатиш имконини беради. Аксинча, қизғин риторика, нотўғри ҳикоя, зўравонлик ва салбий таъсирга эга манба уни нотўғри йўлга бошлайди, онгли камолотини кечиктиради.
Дунёнинг турли минтақаларида олиб борилган тадқиқотлар фарзанд тарбиясида ота-она иштирокининг сезиларли афзаллигини доимий равишда исботламоқда. Ота-онаси амалий машғулот ўтадиган бола, одатда, академик жиҳатдан яхши натижага эришади. Катталар нафақат уй вазифасини бажаришда ёрдам бериши, балки ўрганишга қизиқиш уйғотиши, ҳаракатни рағбатлантириши, бола ўз имкониятини ўрганиши учун қулай муҳит яратиши бор гап.
Ҳиндистонлик-америкалик ишбилармон аёл Индра Нуи “Менинг бутун ҳаётим: иш, оила ва келажагимиз” китоби ва кўплаб интервьюларида ўз ютуқларини интизом, меҳнатсеварлик ва миннатдорлик сингдирилган руҳият маҳсули эканини таъкидлайди. У Ҳиндистоннинг Ченнаи шаҳридан АҚШда жойлашган “PepsiCo” компанияси бош директорлигигача бўлган пиллапояни босиб ўтган.
– Мен ўз оилам, олган тарбиям, шаҳрим ва қишлоғим маҳсулиман, – деганди у интервьюларининг бирида.
Оила таълим жараёнига муайян таъсир кўрсатади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ижтимоий-иқтисодий ҳолат боланинг илмий ютуқларида акс этади. Шунинг учун тиббиёт, ҳуқуқ, муҳандислик, бизнес, математика ва адабиёт бўйича мукаммаллик барча эмас, балки баъзи оилаларда намоён бўлади.
Салбий томони шундаки, бу тенденция бартараф этиш қийин кечадиган тенгсизликни кучайтириши мумкин. Бу глобал муаммо. Масалан, Яқин Шарқ ва Шимолий Африканинг кўпгина ҳудудларида сифатли таълим олиш имконияти нотекислиги боис кам таъминланган оилалар болалари муваффақиятга эришиш йўлида жиддий тўсиқларга дуч келмоқда.
Қўшнилар ва тенгдошлар таъсири муҳимлигини ҳам тан олиш керак. Кам таъминланган оила фарзандининг бадавлат дўсти ёки синфдоши билан алоқа ўрнатиши турли хил ижтимоий муносабатларни юзага чиқаради.
Оила ва жамоат риштаси чуқур қадрланадиган дунё болаларни яхши тарбиялаш учун маданий имкониятдан фойдаланиши зарур. Ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, мустаҳкам оилавий тармоқ ва ахлоқий тарбияга эътибор қаратиш орқали бола ривожланиши ва тенгқурларига намуна бўлиши учун қулай муҳит яратиш мумкин.
Замонавий таълим усулларини қўллаш, гендер тенгликни таъминлаш ва бола ривожига тўсқинлик қиладиган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш зарурати ҳеч қандай чегарани тан олмайди.
Айни масъулиятни зиммага олган ҳолда, ҳар бир авлод жамият келажагини таъминлайдиган тараққиётга ҳисса қўшиши лозим. Бу муҳим қадрият ва қарорлар, амалий саъй-ҳаракатларни тақозо қилади.
Хуллас, яхшироқ дунёни яратиш уй, мактаб ва жамоадан бошланади. Бола фаровонлиги учун сармоя киритиш, фарзандлар салоҳиятини юксалтириш орқалигина инсониятнинг порлоқ келажагини таъминлаш мумкин. Мазкур жараён жамоавий садоқат талаб этади. Бугунги жамият тарбиялаётган болалар эртанги яхши ёки ёмон дунёни белгилайди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА