Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси яширин иқтисодиётга қарши курашиш масалаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этди.
Божхона мутасаддилари ва тадбиркорлар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда яширин иқтисодиёт кўламини кескин қисқартириб, соғлом рақобат ва хусусий бизнесни ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр алмашилди. Вилоят божхона бошқармасида яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, божхона назорати, ноқонуний товар айланмасига қарши кураш, ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш ҳамда тадбиркорларга қонун асосида кўрсатилаётган ёрдамлар тўғрисида атрофлича маълумот берилди.

Вилоят божхона бошқармаси ходимлари жорий йилнинг олти ойида контрабанда ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши билан боғлиқ 276 та ҳуқуқбузарликни аниқлаб, қарийб 14 миллиард сўмлик товарни далилий ашё сифатида олиб қўйган. 29 та ҳолатда қиймати 5,1 миллиард сўм бўлган 363 минг 869 қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний ҳаракати аниқланган.

Ташқи иқтисодий фаолият соҳасида олиб борилган назорат ишлари чоғида 91 та ҳуқуқбузарлик фош этилиб, 456,7 миллион сўмлик товар далилий ашё сифатида олинган ва 1 миллиард 772,6 миллион сўмлик қўшимча божхона тўловлари ҳисобланган.

Давра суҳбатида яширин иқтисодиёт шаклланишининг турли схемаларига чек қўйиш орқали иқтисодий барқарорлик ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш мумкинлиги қайд этилди. Тадбиркорлар дуч келаётган муаммолар тингланди. Божхона органлари билан ҳамкорликдаги ишлар юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди. Иштирокчиларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири