Бу тўғрида Жиззах вилояти экология, атроф муҳит ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Эркин Холматов қуйидагиларни сўзлаб берди:
– “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида якунига етган 2024 йил давомида вилоятимиз бўйича жами 16 миллион 468 минг 570 туп мевали ва манзарали дарахт кўчати экишни режалаштирилган эдик, – дейди Эркин Холматов. –Жорий йил баҳор мавсумида 9 миллион 800 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчати экилиши белгиланган бўлиб, вилоят бўйича жами 10 миллион 600 минг туп кўчат экилди ва баҳорги мавсум режаси 107 фоизга бажарилди.
Жиззах шаҳри ва 12 та туман экология инспекцияларимиз томонидан жами 294 та корхона ва ташкилотга манзарали, мевали дарахт ва буталар ҳамда кўчатларни озиқлантириш ва парвариш қилиш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилганди. Ана шу кўрсатмаларни ўз вақтида бажармаганлиги, суғориш ишларини ташкил этмаганлиги ҳамда дарахт ва кўчатларни муҳофаза қилиш чораларини кўрмаганлиги ҳамда пайҳон қилиш ҳолатларига йўл қўйганлиги учун 167 та ҳолатда 543 миллион 730 минг сўмлик маъмурий жарима чоралари қўлланилди.
Шаҳар ва туманлардаги ободонлаштириш бошқармалари, “Жиззахйўлкўкалам” ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Жиззах вилоят бошқармаси корхона, ташкилот ва муассасалар билан биргаликда экилган манзарали дарахтларни парваришлаш, жумладан, 220 тоннадан ортиқ органик ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш ишлари амалга оширилди.
Ёз ва куз мавсуми бошларида ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб кетган вақтларида экилган дарахт ва бута кўчатлари қуриб қолишининг олдини олиш, экилган кўчатларни сақлаб қолиш мақсадида 4 миллион 700 минг тупдан ортиқ кўчатни суғориш ишлари олиб борилди.
[gallery-21124]
2024 йил кузги кўчат экиш мавсумида вилоят бўйича 6 миллион 668 минг 570 туп манзарали дарахт ва бута кўчати экилиб, белгиланган режа 105,2 фоизга бажарилди.
Ана шу экилган кўчатларнинг келгусида кўкарувчанлигини таъминлаш мақсадида ҳудудларда 9 та суғориш қудуғи, 13,6 километр масофада суғориш тизимлари барпо этилиб, 22 та суғориш техникаси жалб қилинди.
Президентимизнинг 2023 йил 23 ноябрдаги “Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2024 – 2030 йилларда республика шаҳарлари ҳамда уларнинг атрофларида “Яшил белбоғ”лар барпо этиш бўйича чора-тадбирлар дастури асосида республика шаҳарлари ҳамда уларнинг атрофларида босқичма-босқич “Яшил белбоғ”лар барпо этиш юзасидан Халқ депутатлари Зарбдор, Ғаллаорол ва Шароф Рашидов туманлари Кенгашларининг қарорлари қабул қилинган.
“Яшил белбоғ”лар барпо этиш майдонларининг “Googlе” харитада жойлашув схемалари тайёрланиб, “Яшиллойиҳа” лойиҳалаштириш институти томонидан смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган.Шу ўринда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитга мос бўлган дарахт ва буталар турлари танлаб олиниб, жами 21 минг 892 туп дарахт ва бута кўчати экиш схемаларига асосан экилиб, “Яшил белбоғ”лар барпо этиш ишлари амалга оширилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Жиззах вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси ва унинг шаҳар, туман бўлимлари томонидан умумфойдаланишдаги автомобил йўллари бўйларига 61 минг 115 туп терак кўчати экилди.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2024 йилда Жиззах вилоятида 11 та жами 23,1 гектар майдонда “Яшилбоғлар” барпо этилиши белгиланган.
Ўрмон хўжалиги агентлиги ҳузуридаги “Яшил ҳудуд” ДУК томонидан вилоятда жами 23,1 гектар майдонда 11 та “Яшил боғлар”га 8 минг 692 туп манзарали дарахт кўчати экилганини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз.
Юртбошимизнинг ушбу фармонига мувофиқ, 2022-2024 йилларда вилоятимизда 81,3 гектар майдонда 16 та “яшил жамоат парки” маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ва ҳомийлик хайрия манбалари ҳисобидан барпо этилиши белгиланиб, Халқ депутатлари туман (шаҳар) маҳаллий Кенгашларининг қарорлари қабул қилинган.
Бугунги кунда туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан 81,3 гектар майдонда 31 минг 205 туп манзарали дарахт ва бута кўчати экилиб, пиёдалар йўлакчалари қурилиб, трансформаторлар қўйилиб, ёритиш чироқлари ва ўриндиқлар ўрнатилган ҳолда “яшил жамоат парклари” барпо этилди.
Жиззах вилоятида жорий йилда кўп квартирали уйлар атрофларига жами 115 минг 350 туп дарахт ва бута кўчати экилиши режалаштирилган бўлиб, шундан баҳор мавсумида кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи 31 та бошқарув компанияси томонидан 40 минг 687 туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда жорий йил куз мавсумида 74 минг 663 та дарахт ва бута кўчати экилди.
Шароф Рашидов тумани “Тоқчилик” МФЙдаги “Янги Ўзбекистон” массивининг 2 гектар ер майдонида 1 минг 500 тупдан ортиқ манзарали кўчат экилиб, “Яшил хиёбон” барпо этилди.
Шунингдек, Дўстлик тумани “Чинобод” МФЙдаги “Янги Ўзбекистон” массивининг 1 гектар ер майдонида 300 туп манзарали кўчат экилиб, “Яшил хиёбон” яратилди.
Шароф Рашидов тумани Оқтош ота маҳалласидаги “Янги Ўзбекистон” массивининг 67,3 гектар ер майдонида 87 мингдан ортиқ манзарали дарахт ва бута кўчати экилди. “Янги Ўзбекистон боғлари” барпо этилиб, экилган кўчатларнинг келгусида кўкарувчанлигини таъминлаш мақсадида ҳудудларда 9 та суғориш қудуғи, 13,6 километр масофада суғориш тизимлари қурилиб, 22 та суғориш техникалари жалб этилди.
Янги 2025 йил – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йилида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган ҳар туп кўчатнинг амал олишини таъминлаш асосий вазифамиздир.
ЎзА мухбири Абдужалол Қаюмов ёзиб олди.
Суратлар муаллифи Жамшид Ёрбеков.