Табиат — инсон ҳаётининг абадий ҳамроҳи. Дарахт экиш эса аслида бугунни эмас, келажакни барпо этишдир. Шу маънода, Ўзбекистон бўйлаб старт олган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсуми — нафақат экологик, балки ижтимоий аҳамият касб этувчи кенг кўламли ташаббусдир.
Ўзбекистон Президенти раислигида жорий йилнинг 26 сентябрь куни ўтказилган йиғилишда бу йилги куз мавсумида 125 миллион туп, 2026 йил баҳорида эса яна 75 миллион туп дарахт экиш вазифаси белгиланди.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси “2025–2026 йилларда ‘Яшил макон умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт ва бута кўчатларини экиш ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги йиғилиш баёнини тасдиқлади. Ҳужжатда нафақат ҳар бир ҳудуд учун экиш режалари, балки саноат зоналари ва корхоналар атрофларида “яшил белбоғлар” барпо этиш кўрсаткичлари ҳам белгилаб берилган.
Шунга кўра, 5 ноябрдан бошлаб мамлакатнинг барча ҳудудларида “Яшил макон” лойиҳасининг кузги мавсуми расман бошланди. Экиш ишларини тизимли олиб бориш мақсадида, 8 ноябрдан “долзарб бир ойлик” эълон қилинди. Бу даврда туман ва шаҳар кесимида кўчат экиш, уларни парваришлаш, сув билан таъминлаш ва мониторинг жараёнлари изчил ташкил этилади.
Бу тадбирлар орқали ҳар бир ҳудудда экиладиган дарахт турларининг маҳаллий иқлимга мослиги, парвариш технологияси ва сув тежамкорлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Шу билан бирга, ҳудудий раҳбарлар ва тармоқ вакилларининг масъулияти ҳам қатъий назоратга олинади.
Мавсум бошидан “yashilmakon.eko” электрон платформаси тўлиқ ишга туширилди. Эндиликда барча прогноз кўрсаткичлари туман ва шаҳарлар кесимида тизимга киритилди. Муҳими, бу жараён энди икки томонлама назорат остида бўлади: давлат экология инспекторлари билан бир қаторда, ҳудудий прокуратура органлари вакиллари ҳам экилган дарахтлар ҳақидаги маълумотларни тасдиқлашда иштирок этади. Бундай ёндашув нафақат шаффофликни таъминлайди, балки “рақамли экология” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш йўлида муҳим қадамдир.
Бир сўз билан айтганда “Яшил макон” бугунги авлоднинг табиатга нисбатан муносабати ҳамда масъулиятини ифодалайди. Дарахт экиш эса — бу шунчаки бир акцияда қатнашиш эмас, балки фарзандларимиз учун соф ҳаво, барқарор иқлим ва гўзал манзарани яратиб, уни мерос қолдиришдир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/UosK10r9Cpc" title="Yashil makon”: mamlakat bo‘ylab kuzgi ko‘chat ekish ishlari start oldi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева, У. Тўхтаев, ЎзА