Бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламда ўтказилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Наманган вилоятида ҳам кузги ниҳол экиш мавсуми жадаллик билан олиб борилмоқда.

Мазкур жараёнда Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси хайрли ташаббус билан чиқди. “Тозалик ва озодалик ойлиги” муносабати билан бир вақтнинг ўзида вилоятдаги мавжуд 754 маҳалла ҳудудларида манзарали ниҳоллар экилди.

Косонсой туманида бўлиб ўтган жараёнларда туман жамоатчилиги билан бир қаторда Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов ҳам иштирок этди. 

Кузги дарахт экиш мавсумида туман ҳудуди, иқлими ва тупроқ шароитларига мос бўлган кўчатларни танлаш, келгусидаги парвариши учун масъуллар бириктириш, мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш бўйича вазифалар белгилаб олинди. Қайд этиш жоизки, Косонсойда “Яшил макон”нинг кузги мавсумида 840 минг туп манзарали кўчатлар ўтқазиш режалаштирилган.

Чортоқ туманидаги мавжуд 55 та маҳаллада уюштирилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги оммавий кўчат экиш тадбирлари кўтаринки руҳда ва ҳамжиҳатликка асосланган ҳолда амалга оширилди. Уларда кенг жамоатчилик, ҳокимлик ва туман ташкилотлари ходимлари, ёшлар ғайрат кўрсатди. Кўчат экиш ишлари миллий анъаналар руҳида, карнай-сурнай садолари остида бошланиб, аҳолининг кайфияти кўтаринки муҳитида ўтди.

Тадбирда ҳозир бўлган “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов 2025 – “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да кўркам ва обод ҳудудлар яратиш ҳамда экологияни муҳофаза қилишнинг аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Дарҳақиқат, “Яшил макон” лойиҳаси нафақат ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, балки экологик маданиятни ошириш, табиатни асраш ва келажак авлод учун соғлом муҳит яратишга хизмат қилмоқда.

[gallery-26260]

Қувонарлиси шундаки, ушбу эзгу ташаббус фақатгина кўкаламзорлаштиришга эмас, балки одамларни янада бирлаштирмоқда. Маҳалла аҳли, фаоллар, ёшлар ва кексалар бир сафда меҳнат қилиб, ўзаро ҳурмат ва аҳиллик руҳини янада мустаҳкамладилар. Бунинг натижаси ўлароқ, туманда 55 минг туп мевали ва манзарали ниҳоллар экилди.

Учқўрғон туманида атроф-муҳитни соғломлаштириш ва яшил ҳудудларни кўпайтириш мақсадида “Яшил макон” лойиҳаси изчил давом этмоқда. Туман марказидаги 2-сон политехникумида хайрли лойиҳа доирасида навбатдаги оммавий кўчат экиш тадбири бўлди. Унда туман раҳбарлари, ёшлар, нуронийлар, маҳалла фаоллари ва турли ташкилотлар вакиллари фаол қатнашдилар. 

Бу йилги кузги мавсумда Учқўрғонда жами 750 мингдан зиёд дарахт ва буталар экиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда барча маҳаллалар, таълим муассасалари, давлат ва нодавлат ташкилотлар бу хайрли ишга сафарбар этилган. Тадбир давомида кўчатлар учун махсус жойлар тайёрланди, суғориш тизимлари янгиланди ва “Табиятни асраш – ҳар бир инсон бурчи” шиори остида аҳоли ўртасида тарғибот ишлари олиб борилди.

Дарҳақиқат, “Яшил макон” – бирдамлик ва эзгулик рамзига айланмоқда. “Тозалик ва озодалик ойлиги”га ҳамоҳанг кечаётган тадбирлар Янгиқўрғон туманида ҳам кўтаринки руҳда, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик асосида ташкил этилди.

Маҳалла ҳудудларида бўлиб ўтган оммавий дарахт экиш жараёнларида кенг жамоатчилик, ҳокимлик ва туман ташкилотлари вакиллари, фуқаролар, нуронийлар қаторида ёшлар “яшил” муҳитга бефарқ эмасликларини намоён этди. Хусусан, Қўриқ ва Қорасув маҳаллаларидаги жараёнлар карнай-сурнай садолари остида, миллий пишириқлар тайёрланган ҳолда ўтди. Умуман олганда, Янгиқўрғондаги барча маҳаллаларда 18 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.

Янги Наманган туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Маҳалла еттилиги” ва фаол фуқаролар ҳамкорлигида ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Эрта тонгдан айни шу мақсадда маҳалла бинолари атрофи ободонлаштирилиб, кузги гул ва манзарали кўчатлар экишга киришилди.

Тадбирлар давомида 12 мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Шу жумладан, 2 минг 200 дан зиёд кўчат кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга, 450 дан ортиғи якка ёлғиз кексалар хонадонларига, 6 мингдан ошиқ кўчат аҳоли хонадонлари ҳамда кўчаларга, 350 дан кўп кўчат эса “Маҳалла боғлари”га экилади. Натижада, 75 гектардан зиёд ҳудуд ободонлаштирилиб, маҳаллаларнинг яшиллик даражаси сезиларли ошади. 

Таъкидлаш жоиз, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳашар асосида амалга оширилган тозалик, кўкаламзорлаштириш ва ободончилик ишлари юртимизнинг гўзал қиёфасини сақлаб қолишга хизмат қилади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Яшил макон”: маҳаллалар обод бўлмоқда