
Президентимиз томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, айниқса, йўқолиб бораётган ўрмонларни тиклаш, дарахтлар ва ўсимликлар сонини оширишга қаратилган муҳим ташаббус бўлди.
Ана шу туфайли Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида бўлгани каби Сайхунобод туманида ҳам чор-атрофни яшилликка буркаш, кўчат экиш ва боғ яратиш ишлари тобора кенг қулоч ёймоқда.
– Ўтган йили куз ойида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида туман ҳудудига 1 миллион 200 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўтқазган бўлсак, жорий йил баҳор мавсумида 1 миллион 70 минг туп дарахт кўчатларини экиш режаси бор. Аммо биз амалда 2 миллион туп терак, 1 миллион туп мевали дарахт кўчатларини экмоқчимиз, – дейди туман ҳокими Комилжон Муллажонов. – Бунга эса етарлича имкониятимиз бор. Чунки куз мавсумида 2 гектар ерда кўчатхона ташкил этиб, 2 миллион дона терак қаламчаларини эккан бўлсак, бу йил Нуробод маҳалласида 2 гектар, Янги ҳаёт маҳалласида 7 гектар, Иттифоқ маҳалласида 7 гектар ер майдонида кўчатхона барпо этиб, унга тўлиғича терак қаламчаларини эктирдик. Бу эса саноатбоп терак кўчатларига бўлган ички талабни тўлиғича қоплаш, ортиқчасини эса қўшни туманларга етказиб бериш имконини беради.
Бу борадаги ишлар туманда уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Унда нафақат давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимлари, ёшлар, аҳоли вакиллари фаол иштирок этиб, ўз яшаш ҳудудларини боғ-роққа, яшилликка бурканган, гўзал манзилгоҳлардан бирига айлантириш устида иш олиб боришмоқда.
– Иттифоқ маҳалласи туманимиз остонаси ҳисобланади. Шу остонани обод ва гўзал манзиллардан бирига айлантириш мақсадида 7 гектар ерда кўчатхона барпо этган бўлсак, 2 гектар ерда "Прокурор боғи"ни ва “Ҳокимлик боғи”ни барпо этиб, унга олма, олча, олхўри каби мевали кўчатларни қададик. Бундан ташқари, ҳар битта дала четига олча ниҳолларини эктиряпмиз. Чунки олча ва олхўри мевалари ички бозорда бўлгани каби жаҳон бозорида ҳам харидоргир ҳисобланади. Бу масалалар инобатга олиниб, маҳаллий инвесторлар билан келишган ҳолда маҳсулотларни сақлаш, экспортга йўналтириш мақсадида музлаткич ва сақлаш хоналарини ташкил этиш борасида иш олиб боряпмиз. Шу ўринда яна бир гап, миллион туп кўчат эккан билан унга қаров бўлмаса, натижа бермайди. Бу масала ҳам инобатга олиниб, ҳар бир экилаётган кўчатнинг аввалига сувини, сўнг эгасини ҳал этиб, кейин дарахт кўчатларини ўтқазиш ишига аҳамият қаратяпмиз, – дейди туман ҳокими.
Давлатимиз раҳбарининг Сайхунобод туманига ташрифи давомида берган топшириғи асосида яшил ҳудудларни барпо этиш, фойдаланилмаган томорқалардан самарали фойдаланиш борасида аниқ режа асосида иш олиб бориляпти. Мисол учун, ўтган 2024 йилга қадар туман ҳудудида 17 мингта томорқа бўлган бўлса, шундан 12 мингтасидан самарасиз фойдаланиб келинган. Бунга эса, сув таъминоти билан боғлиқ муаммо сабаб бўлган. Бу борадаги масала ҳам ўз ечимини топди.
“Оғир” тоифага киритилган 6 та маҳаллани бу тоифадан чиқариш, сув таъминотини яхшилаш борасида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, унга асосан ариқлар бетонлаштирилди, сув етиб бормайдиган ҳудудларда тик қудуқ қазиш, насос ўрнатиб, сув чиқариш ишлари олиб борилиб, рўзғорбоп ва бозорбоп экин турларини экиш йўлга қўйилди.
Илгари Сайхунободда қулупнайчилик билан шуғулланадиган томорқа хўжаликлари битта ҳам бўлмаган бўлса, эндиликда улар сони 30 дан, лимончилик билан шуғулланадиган оилавий хўжаликлар 100 дан, гулчилик билан шуғулланадиган хўжаликлар 60 дан ошиб кетди. Энг муҳими, сайхунободликларнинг ерга нисбатан муносабати ўзгарди.
– Аҳолининг даромадини ошириш ва ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлаш мақсадида ўтган йили 19 маҳаллада 834 та иссиқхона ташкил этилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида яна 300 та иссиқхона барпо қилинди. Йил якунига қадар улар сонини 3000 тага етказмоқчимиз, – дея сўзини давом эттиради Комилжон Муллажонов. – Ҳозир бу борада катта ишлар олиб борилмоқда. Маҳалла ва секторлар раҳбарлари, банклар асосан ушбу фаолият турини ривожлантиришга, аҳолининг бандлигини таъминлаб, уларнинг даромадини оширишга бор эътиборини қаратишган.
[gallery-22627]
Сайхунобод туманида томорқада етиштирилган маҳсулотларни сотадиган бозор йўқ эди. Бу муаммо ҳам ўз ечимини топди. Афғонлик инвестор мевани қайта ишлайдиган корхона қуришни бошлаган бўлса, томорқа хўжаликларида етиштирилган маҳсулотни харид қиладиган ва экспортга йўналтирадиган корхоналар ташкил этилди.
Давлат гранти ҳисобидан аҳоли томорқасида ошқовоқ етиштириш имконияти пайдо бўлди. Жорий йилда эса болгар қалампирини етиштириш ва уни экспортга йўналтириш устида иш олиб борилмоқда. Мақсад аҳолининг даромадини ошириш ва фаровонлигини таъминлашдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири