Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги кўчат экиш мавсуми қизғин руҳда амалга оширилмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон Экологик партияси ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳар партия ташкилоти ташаббуси билан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, “Лесной” МЧЖ ҳамкорлигида пойтахтимизнинг Бектемир туманидаги 358-умумтаълим мактабида “Яшил макон”да бирлашайлик” шиори остида дарахт экиш акцияси ташкил этилди.

Ушбу хайрли ташаббусда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бахтиёр Пўлатов, Тошкент шаҳар партия ташкилоти вакиллари, партиянинг “Ёшлар қаноти” ҳамда “Экология ва саломатлик” аёллар клуби фаоллари, Бектемир туман ҳокимлиги, туман ободонлаштириш бошқармаси, маҳалла нуронийлари иштирок этди.

Дастлаб давра суҳбати ташкил этилиб, депутатлар ва партия вакиллари томонидан мамлакатимизда яшиллик даражасини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди. Қайд этилганидек, юртимиз яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш мақсад қилинган бўлиб, бу борада қатор амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Акция доирасида иштирокчилар томонидан мактаб ҳудудига жами 200 тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
М.Комилова,
ЎзА