Кўплаб объектларга қуёш панелларини ўрнатиш ишларини мувофиқлаштириш вазифаси божхона органларига юклатилган.
Жойларда амалга оширилган тарғибот ишлари натижасида бугун Қорақалпоғистон Республикасининг олис туман ва қишлоқларида ҳам муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилмоқда. Дарҳақиқат мамлакатимизда кенг кўламда жорий этилаётган қуёш панеллари нафақат энергия тақчиллигининг олдини олиш, балки истеъмолдан ортган энергияни тармоққа узатиш орқали қўшимча даромад манбаига ҳам айланиб улгурмоқда.
Нукус туманида хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият олиб борувчи якка тартибдаги тадбиркор 20 кВт қувватдаги қуёш панелларини ўрнатган. Ишлаб чиқарилаётган “яшил” энергиянинг тенг ярми ўз хонадони ва фаолияти истеъмоли учун етарли бўлиб, қолган қисмининг тармоққа узатилиши таъминланмоқда. Бунинг натижасида эса, хонадони ва фаолияти учун зарур бўлган электр энергиясига кетадиган харажат иқтисод бўлишидан ташқари, йилига ўрта ҳисобда 20-25 миллион сўм миқдорида қўшимча даромад ҳам кўрмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.