Ривожланиш ва иқтисодий ўсиш энергияга бўлган эҳтиёжнинг ортишига олиб келади. Режали ва узоқни кўзлаб қилинган тадбирлар табиатни асраш, табиий ресурсларни тежаш билан бирга, шу давлатнинг ривожланиши ва иқтисодий ўсишига ҳам ҳисса қўшади.
Ривожланган давлатларда бунга алоҳида эътибор қаратилади, қайта тикланувчи энергия манбалари учун катта миқдорда хорижий давлатлар инвестициялари киритилади.
Масалан, Хитой, Германия, Япония, Бразилия, Италия, Австралия, Ҳиндистон каби давлатларда қуёш ва шамолдан электр энергияси ишлаб чиқаришга катта сармоялар тикилмоқда.

Бир пайтлари Халқаро энергетика агентлигининг ижро директори Фатих Бирол: “Қайта тикланувчи энергия (ҚТЭ) манбалари – дунё энергиясига айланди”, деган эди.
Ҳақиқатан бу соҳа жаҳон давлатлари ичра ривожланиб бормоқда. Айни пайтда қуёш энергиясидан фойдаланувчи энг йирик давлатлар қаторида Хитой (340 ГВт), АҚШ (103 ГВт), Япония (79 ГВт), Германия (62 ГВт) ва Ҳиндистон (57 ГВт) каби давлатлар пешқадамлик қилмоқда.
Шунингдек, Германияда 2024 йилда қайта тикланувчи энергия истеъмоли 46 фоизни ташкил этди, 2030 йилга келиб 80 фоизга етказиш мақсад қилинди.
Президентимиз ташаббуслари ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари станцияларини қуриш ва улардан кенг кўламда фойдаланиш ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги тегишли қарори билан мамлакатимизда катта масштабда давлат-хусусий шериклик асосида йирик қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш ишлари бошланди. Жумладан, Бирлашган Араб Амирлигининг (БАА) “Masdar” компанияси томонидан Самарқанд (220 МВт), Жиззах (220 МВт), Сурхондарё (457 МВт), Қашқадарё (500 МВт), Навоий (122 МВт) вилоятларида жами 1519 МВт қуёш ҳамда Навоийда 500 МВт шамол электр станциялари, Бухоро вилоятида “ACWA Power” (БАА) компанияси томонидан 1000 МВт шамол электр станциялари, Хитойнинг “Gezhouba” компанияси томонидан 500 МВт қуёш электр станциялари фойдаланишга топширилди. Самарқанд шаҳрида “Tepelen Group” компанияси томонидан 2023 йил октябрь ойида 20 МВт қуёш электр станцияси ишга туширилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда умумий қуввати 4682 МВт бўлган 12 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 5 та шамол электр станцияси томонидан 9 млрд. кВт соат «яшил» электр энергияси ишлаб чиқарилди.

Натижада, 2 млрд. 730 млн. куб метр табиий газ тежалишига эришилди ҳамда атмосферага 4 млн. тоннадан ортиқ зарарли газлар чиқишининг олди олинди.
Экологик тоза энергия манбаларига ўтиш, нафақат мамлакат иқтисодиётининг муҳим таянчига, балки экологик барқарорликка эришиш, табиий бойликларни асраш, энг муҳими, аҳоли учун соғлом ва барқарор экологияни таъминлаш манбаига айлангани учун ҳам ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти кундан-кунга ошиб бораётир.
2025 йилнинг 1 декабрь ҳолатига республика бўйича жами 141 221 та объектга умумий қуввати 1 971 МВт бўлган кичик қувватли қуёш панеллари ўрнатилган.
Ижтимоий соҳа объектлари, давлат идоралари, тадбиркорлик субъектлари бино-иншоотларига, аҳоли хонадонларига, янги қурилаётган кўп қаватли уйларга қайта тикланувчи энергия қурилмаларини ўрнатиш ишлари “Яшил энергия” ахборот тизими ҳамда жойлардаги Ишчи гуруҳлар (божхона ходимларидан иборат) томонидан назорат ва мониторинг қилиниб, тизимлаштириб борилмоқда.
“Яшил энергетика”ни ривожлантириш, қайта тикланувчи манбалардан фойдаланган ҳолда табиий ресурсларни тежаш Ўзбекистон олдидаги энг муҳим ва ҳаётий вазифага айланганини бугун ҳаммамиз кўриб турибмиз. Ҳатто, жорий йилнинг ўтган даврида республика бўйича 40 233 та объектга 918 МВт қуёш панеллари ҳамда 3 349 та объектларга 1 249 минг литр гелиоколлекторлар ўрнатилди.
Рақамлардан ҳам кўриниб турибдики йилдан йилга барча соҳаларда қайта тикланувчи энергия манбалардан фойдаланаётганлар сони ортиб бормоқда.
Шу билан бирга, муқобил энергия манбааларидан даромад топаётган ташкилот ва идоралар, тадбиркорларимиз ва оддий фуқароларнинг ҳам сафи кенгайиб бормоқда. Мисол учун, божхона органларининг 74 та бино-иншоотларига ўрнатилган 4.1 МВт қувватли қуёш панелларидан, ўтган икки ярим йилда жами 8 млрд. сўм бюджет маблағлари электр энергия истеъмолидан иқтисод қилинди.
2030 йилга бориб, мамлакатимиз аҳолиси 41 миллион нафарга етиши, иқтисодиёт 2 карра ўсиши кутилаяпти. Бу энергия ресурсларига бўлган талабни ҳозиргидан 1,5 карра оширади. Шу боис, қайта тикланадиган энергия манбаларининг инсон ҳаёти ва фаолиятидаги аҳамияти ва долзарблиги ортиб бораверади.
Ўзбекистон қуёш панелининг асосини ташкил этувчи кремний моддасига жуда бой давлат бўлишига қарамай, лекин юқори технологиялар мавжуд бўлмагани учун ундан самарали ва сифатли фойдаланиш йўлга қўйилмаган. Бу борада албатта, илмий тадқиқот марказлари ва олий таълим лабораторияларини моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, илмий-тадқиқот ишларини жадал йўлга қўйиш лозим бўлади.
Бундан ташқари, қайта тикланадиган энергия манбаларидан олинадиган электр энергиясидан фойдаланишда энергияни сақлаш ва узатишда ҳам кўплаб муаммолар бор. Буларнинг ечими албатта, “Яшил энергетика”нинг бошқа соҳа ва тармоқларининг жадал ривожланишида ҳамда аҳоли турмуш даражасини янада яхшиланишида янги драйверга айланади.
Янги лойиҳалар орқали нафақат экологик тоза энергия ишлаб чиқарилади, балки минглаб янги иш ўринлари яратилади, рақобатбардош энергетика бозори шаклланади. Бу эса мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш ва хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда ўзгарувчан глобал бозорга мослашиш имконини беради.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА