
Ўзбекистонда 2025 йил бошидан буён қуёш ва шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 2 миллиард киловатт соатга етди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 12 апрель куни соат 15:30 ҳолатига кўра мазкур кўрсаткичга эришилган. Айни пайтда мамлакатнинг 10 та вилоятида жами 4067 мегаватт қувватга эга 11 та қуёш фотоэлектр станцияси ва 3 та шамол электр станцияси фаолият юритмоқда. Ушбу объектлар қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш орқали миллий энергетика тизимида муҳим ўрин тутаётир.
Маълумки, Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга йўналтирилган дастур 2022 йилда амалга жорий этилган. Ўша йили Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги қуёш станциялари томонидан 434 миллион киловатт соат, 2023 йили эса 576,9 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган.
2024 йил якунида эса 7 та вилоятда жойлашган 9 та қуёш ва 1 та шамол электр станцияси орқали 4 миллиард 860 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган.
Жорий йил бошидан буён қуёш электр станциялари 1 миллиард 169,9 миллион киловатт соат, шамол электр станциялари эса 830,1 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарди. Бу кўрсаткич 2024 йилда шамол станциялари томонидан ишлаб чиқарилган жами электр энергияси 799 миллион киловатт соатдан юқори.
Ишлаб чиқарилган “яшил” энергия ҳисобига 600 миллион куб метр табиий газ тежалди. Шунингдек, атмосферага 1 миллион 176 минг тоннадан ортиқ карбонат ангидрид ва 1176 тонна азот оксидлари чиқишининг олди олинди.
Шунингдек, 2025 йил бошидан 12 апрель соат 15:30 га қадар республикадаги барча гидро, қуёш ва шамол электр станциялари томонидан жами 3 миллиард 707 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.
Ушбу кўрсаткич ҳисобидан 1 миллиард 112,1 миллион куб метр табиий газ тежалди, атмосферага 2 миллион 179 минг 716 тонна карбонат ангидрид ва 2179,7 тонна азот оксидлари чиқишининг олди олинди.
Қайд этиш зарурки, мазкур миқдордаги электр энергияси 4 миллион 633 минг 750 та хонадоннинг тўрт ойлик ёки 1 миллион 544,6 минг хонадоннинг тўлиқ бир йиллик энергия эҳтиёжини қоплаш имконини беради.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА