Япония жанубидаги йирик орол - Кюсюда ёққан ёмғир сув тошқини ва кўчки келтириб чиқарди. Натижада кўпчилик азият чекди, бир ҳафталик будда байрами сайли тўхтатилди, бир неча киши бедарак йўқолди. Бу ҳақда “Kyodonews” ёзган.
Бош вазир Cигэру Иcиба эрталаб журналистларга ҳукумат "фалокатга қарши чоралар кўришга содиқлиги"ни айтди ва аҳолини ҳушёрликка чақирди.
Метеорология агентлиги Кумамото ва Нагасаки префектураларида ҳам кучли ёғингарчилик кутилаётганидан огоҳлантирди. Умуман, охирги ҳафталар давомида кун чиқар юрт архипелагида авж олган ёмғир оқими туфайли мамлакатнинг кенг ҳудудини сув босди.

Маълумотга кўра, Таман ва Кумамотода душанба куни эрталаб олти соат ичида 370 миллиметр ёмғир ёғди. Бу бутун август ойи учун шаҳардаги ўртача ёғингарчилик миқдоридан қарийб икки баробар кўп. Агентлик Кумамото шаҳри учун энг юқори огоҳлантириш даражасини эълон қилди. Табиий офатни бошқариш идораси минтақадаги бошқа олти префектурада ҳам ўн минглаб одамни эвакуация қилиш бўйича тавсия берган.
Ҳудудда қутқарувчилар бир неча кишини қидиряпти.
Кюсю шимолидаги Кагосима ва Хаката ўртасидаги поезд қатнови, шунингдек шаҳарлараро таркиблар ҳаракати тўхтатилди. Ёмғир пасайган ҳудудларда хизмат кўрсатиш қисман тикланган. "Kyushu Electric Power Co". ҳисоботида Кумамотодаги 6000 га яқин хонадон электр таъминотисиз қолгани қайд этилган.
М.Пирматова, ЎзА