Мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларининг ривожида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланаётган Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллигига бағишланган тадбирларда бу жиҳатлар яна бир бор ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. Айниқса, сана муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг табрик йўллаши байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.
Унга Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, сенаторлар, депутатлар, соҳа фаоллари, халқаро меҳнат ва касаба уюшмалари ташкилотларининг раҳбарлари таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва аъзоларига табригини Ўзбекистoн Республикаси Президенти Администрацияси Кoммуникациялар департаменти раҳбари – Ўзбекистoн Республикаси Президентининг матбуoт кoтиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.
Дарҳақиқат, табрикда таъкидланганидек, Янги Ўзбекистон – инсон ҳаёти, унинг саломатлиги, ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қиммати қонун асосида ишончли ҳимоя қилинадиган давлат дегани.
[gallery-26186]
Шу боис, ўз сафларида саккиз миллионга яқин аъзони бирлаштирган касаба уюшмаларининг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларни ҳимоя қилиш, адолат ва тенглик тамойилларини таъминлаш борасидаги бир асрдан зиёд тажриба мактаби мамлакатимизда янги жамият, янги давлат барпо этишда ғоят муҳим аҳамиятга эга.
Бу ҳақиқатни чуқур тушунган касаба уюшмалари фаоллари ижтимоий соҳадаги дастурларни амалга ошириш, айниқса, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ёшлар, нуронийлар, аёллар манфаатларини ҳимоялашда алоҳида жонбозлик кўрсатиб келмоқда.
Президентимизнинг сана муносабати билан "Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармони қабул қилингани мазкур жамоат тузилмасига қаратилаётган эътиборнинг амалий тасдиғидир.
Тантанали тадбирда Ватанимизнинг орден ва медалларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева топширди.
Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар соҳа ривожи йўлида кўрсатилаётган улкан эътироф ва эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
– Инсон қадр-қиммати янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг бош мақсад-муддаосини, асосий мазмун-моҳиятини ташкил этмоқда, – деди "Шуҳрат" медали соҳибаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова. – Ўзбекистон инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, меҳнатни муҳофазалаш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг саломатлигини мустаҳкамлаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг биз соҳа вакилларига эътибори кўнглимизни осмон қадар юксалтирди. Айни пайтда бундай эътибор янада катта масъулият билан меҳнат қилишга ундайди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллик тарихига оид театрлаштирилган мусиқий дастур намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбoсари - Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этди.
Назокат Усмонова, Носир Ҳайдаров, (сурат), ЎзА мухбирлари.