Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида аҳолини тоза ва узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида халқаро миқёсда йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокидаги “Сув таъминоти ва ифлос сув тизимини ривожлантириш ҳамда институционал салоҳиятни ошириш” дастури доирасидаги мазкур ташаббус шаҳар инфратузилмасини тубдан модернизация қилиш ҳамда аҳолини тоза ичимлик сув билан узлуксиз таъминлаш имконини беради.
– Янгиерда ичимлик суви таъминоти масаласи йиллар давомида аҳолини қийнаб келаётган энг долзарб муаммолардан бири эди, – дейди шаҳар ҳокими Отабек Носиров. – Шу боис, эски тармоқларни қисман таъмирлаш билан чекланиб қолмасдан, бутунлай янги тизим яратишга қарор қилинди. Бу лойиҳа фақат сув етиб боришини эмас, балки турмуш сифати яхшиланишини ҳам назарда тутади.

Лойиҳа доирасида Гулистон туманидаги Бешбулоқ сув иншоотидан Янгиердаги “Шодлик” насос станциясигача 33,2 километр узунликдаги асосий сув қувури тортилади. Шаҳар ичида эса 6,2 километр магистрал тармоқ қурилиши кўзда тутилган. Шунингдек, 11 та янги сув қудуғи, ҳар бир қудуқ учун алоҳида муҳофаза хонадончалари, 10 та замонавий сув минораси ва 39,25 километр ичимлик сув тармоқлари барпо этилади. 5 369 та индивидуал ҳисоблагич ўрнатилиши ҳам белгиланган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 3 миллион 930 минг 40 АҚШ долларини ташкил этади. Қурилиш-монтаж ишларини Эрон ва Ўзбекистон ҳамкорлигидаги “TANA Energe and Effective Engineering” масъулияти чекланган жамиятининг мутахассислари амалга оширмоқда. Барча ишлар 2026 йил июнь ойигача тўлиқ якунланиши режалаштирилган.

– Бу шаҳар келажагига қилинган муҳим сармоядир, – дея қўшимча қилди шаҳар ҳокими. – Муҳими, аҳоли санитарияси, соғлиги ва турмуш тарзи яхшиланади. Янги сув тизими орқали биз Янгиер аҳли ҳаётида сифат жиҳатидан янги босқични бошлашни мақсад қилганмиз.
Лойиҳанинг амалга оширилиши шаҳардаги мавжуд муаммоларни ҳал этиб, тоза ичимлик сувидан барча учун баробар фойдаланиш имкониятини яратади. Бу эса нафақат шаҳарсозлик, балки ижтимоий барқарорлик йўлидаги муҳим қадам саналади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири