Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида Тошкент тиббиёт университети Термиз филиалининг 1 минг 500 ўринли замонавий ўқув биносини фойдаланишга топширишга бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, профессор-ўқитувчилар ва талабаларни энг улуғ, энг азиз байрам ҳамда барча қулайликларга эга янги бинонинг фойдаланишга топширилиши билан муборакбод этди. Ўқув биносининг халқимиз саломатлигини муҳофаза қиладиган чуқур билим ва малакага эга шифокорларни улғайтиришига катта ишонч билдирди.
“Термиз Бойсун қурилиш” масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари барпо этган янги бинода қарийб 63 миллиард сўмлик иш бажарилиб, бўлғуси саломатлик посбонларини тайёрлаш учун барча шароит яратилди. Замонавий асбоб-ускуна билан жиҳозланди. Ахборот технологиялари ва тиббиёт соҳасида қўлланиладиган инновацион ускуналардан фойдаланиш учун қулай имконият яратилди.
[gallery-25062]
Тантанали маросим иштирокчилари янги бинода профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Шу куни машҳур футболчи Элдор Шомуродов номи берилган Сурхондарё футбол академиясининг тубдан реконструкция қилинган бино ва иншоотлари ҳам фойдаланишга топширилди.
Давлат инвестиция дастури доирасида қиёфасини ўзгартирган футбол академияси қурилишида 9,5 миллиард сўмлик иш бажарилди. Мавжуд бинолар тубдан таъмирланиб, 90 ўринли ётоқхона барпо этилди, Сунъий қопламали футбол майдони ва замонавий ошхона қурилди.
Нуронийлар, спорт соҳаси вакиллари, футбол академияси ўқувчилари қатнашган тантанали тадбирда вилоят раҳбари Улуғбек Қосимов иштирокчиларни мустақиллик байрами билан самимий табриклаб, янгиланган академия келгусида жаҳонга машҳур, дунёнинг етакчи жамоаларида тўп суришга қодир футболчиларни тарбиялаб, камолга етказишига омад тилади.
Мамлакатимизда истиқлол шукуҳи, эркин ва озод ҳаёт нашидаси эсаётган шу кунларда жанубдаги воҳада давлат дастурлари доирасида Ватан, миллат ва халқимиз учун хизмат қиладиган 460 миллиард сўмлик 158 та иншоот янгиланган қиёфада иш бошлади. Жумладан, ҳудудларда учта олий таълим муассасасининг янги ўқув биноси, 3 та касб-ҳунар мактаби, 2 та спорт зал, 40 та 10 минг 400 ўқувчига мўлжалланган мактаб, 15 та 1 минг 600 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, бешта 320 ўринли тиббиёт муассасаси, узунлиги 262 километр бўлган 80 та ички йўл, қатор селдан ҳимоя қилиш ҳамда тоза ичимлик суви иншоотлари ва бошқа объектлар халқимизга туҳфа қилинди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири