Мустақиллигимизнинг 24 йиллик тантаналари арафасида мамлакатимизда ёшлар таълими ва турмуши учун янги имкониятлар яратилмоқда. Масалан, Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида 560 ўринли талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди.
Замонавий иншоотнинг очилиш маросимида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов жонли эфир орқали иштирок этиб, барчани ушбу тантанали воқеа билан қутлади.

Давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилган турар жой талаба-ёшларнинг самарали таълим олиши ва мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча шароитларга эга. Бино замонавий муҳандислик коммуникациялари билан жиҳозланган бўлиб, унда “Маънавият”, “Ошхона”, “Кир ювиш" хоналари, шунингдек, ахборот технологиялари билан шуғулланиш учун хоналар мавжуд.

Маросимда сўзга чиққан фахрийлар ва устозлар мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, уларнинг таълим ва тарбияси йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр билдиришди. Талабалар учун қулай, шинам ва замонавий турар жойлар барпо этилаётгани мамлакатимизда ёшлар манфаатлари доимо устувор эканидан далолат бериши таъкидланди.


– Янги турар жой талабаларимиз учун катта имконият. Эндиликда улар билим олиш билан бирга спорт, маданий-маънавий фаолият ва ижод билан ҳам шуғулланишлари мумкин. Шу орқали улар нафақат касбий жиҳатдан, балки интеллектуал ва маънавий жиҳатдан ҳам уларда ўсиш бўлади. Бу эса филиалимиздаги таълим сифатининг янада ошишига хизмат қилади, – деди филиал директори Зафар Ҳакимов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири