Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги сайилгоҳ учун ярим миллиард сўм ажратилди

Тошкент шаҳрида аҳоли дам олиши учун қулай шароит яратиш ҳамда шаҳар инфратузилмасини яхшилаш мақсадида канал қирғоқларини мустаҳкамлаш ва сайилгоҳ ташкил этиш ишлари амалга оширилади.

Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг тегишли қарори эълон қилинди.

Қарорга мувофиқ, “Катта Толариқ” каналининг 1-босқичи Миробод тумани ҳудудида, Фарғона йўли кўчасидан Янги Қўйлиқ кўчасигача бўлган 1,91 километр қисмида қирғоқларни мустаҳкамлаш ҳамда замонавий сайилгоҳ барпо этиш режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида канал соҳилини мустаҳкамлаш, ҳудудни ободонлаштириш, пиёдалар учун қулай йўлаклар барпо этиш, дам олиш масканларини ташкил қилиш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган. Бу эса нафақат ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш, балки аҳоли учун янги дам олиш масканларини яратишга хизмат қилади.

Объектда лойиҳалаш ва қурилиш ишларини ташкил этиш бўйича буюртмачи сифатида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси белгиланди. Мазкур объектнинг лойиҳалаш ишларини амалга ошириш учун 490 миллион сўм маблағ ажратилиши назарда тутилган.

Лойиҳани амалга ошириш жараёнида канал қирғоқларини мустаҳкамлаш билан бирга, ҳудудда ободонлаштириш ишларини комплекс тарзда ташкил этиш, сайилгоҳ инфратузилмасини шакллантириш ва аҳоли учун хавфсиз муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

Ш.Маматуропова,

ЎзА