Бугун юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мақсади – аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизни жаҳоннинг ривожланган давлатлари қаторига олиб чиқишдир.
Мазкур эзгу мақсадга эришишда ҳар бир ҳудуднинг, ҳар бир инсоннинг ўз ўрни ва аҳамияти бор. Шу маънода, Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига алоҳида эътибор қаратилиши – бу Янги Ўзбекистон стратегиясининг муҳим таркибий қисмидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил 14 август куни қабул қилинган “Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори – бу Қорақалпоғистоннинг тараққиётига қаратилган янги имкониятлар эшигини очиб берди. Бундан аввал ҳам ҳудудни ривожлантириш юзасидан кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилинди ва катта ўзгартиришлар амалга оширилди. Улар қаторида ушбу қарор, нафақат қорақалпоғистонликларнинг бугунги ҳаётини яхшилашга, балки, келажак авлодлар учун ҳам муносиб шароит яратишга хизмат қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати сифатида ушбу қарорнинг аҳамиятини алоҳида таъкидламоқчиман. Чунки, ушбу қарор доирасида амалга ошириладиган лойиҳа ва чора-тадбирлар Оролбўйининг иқтисодий салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, инфратузилмани яхшилаш ва аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган. Шунингдек мазкур қарор партиямизнинг Сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифалар билан ҳамоҳанглиги барча партиядошларимиз учун ҳам қувончли янгилик бўлди.
Хусусан, партиямиз дастурида туризм соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Қорақалпоғистоннинг бетакрор табиати, бой тарихий-маданий мероси ва анъаналари сайёҳлик учун катта имкониятларга эга. Ушбу қарор доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг қадимий, тоғ ва дарё бўйи ҳудудларида янги туристик йўналишларнинг йўлга қўйилиши, Хўжайли тумани ҳудудидаги “Миздакхон” археология-архитектура мажмуаси, Қораўзак ва Амударё туманлари ҳудудидаги “Шайх Жалил бобо” зиёратгоҳи, Қораўзак ва Амударё туманлари ҳудудидаги “Аму-қаратау” дам олиш мажмуаси зарур инфратузилма билан таъминланиши - бу “Миллий тикланиш”партиясининг дастурий мақсадларига тўла мос келади. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида Қорақалпоғистонга сайёҳлар оқими кўпайиб, ҳудуднинг иқтисодий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.
Шунингдек, қарор доирасида Қорақалпоғистонни Қозоғистон Республикасининг Қизилўрда вилояти билан боғловчи Қизилўрда - Тахтакўпир автомобиль йўлини қуриш, Қорақалпоғистонни Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти билан боғловчи Хўжайли-Тошҳовуз чегара постини очиш масалаларининг кўриб чиқилиши ҳам партиямизнинг минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган мақсадларига тўла мос келади.
Қарор доирасида, шунингдек, 2025–2026 йилларда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини ўртача 6–6,5 фоизга етказиш, саноат ишлаб чиқариши ҳажмини 5–6 фоизга ошириш, бозор хизматлари ҳажмини 15–17 фоизга етказиш, “Яшил” тамойил асосида 11 та ижтимоий соҳа объектини қуриш ва таъмирлаш, 151 км автомобиль йўлини таъмирлаш, ҳар йили талабдан келиб чиқиб, 50 нафаргача ёшнинг хорижда таълим олишини таъминлаш, давлат олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида ўқитиш учун қўшимча 500 та мақсадли квота ажратиш каби муҳим йўналишлар амалга оширилади. Ушбу мақсадларнинг рўёбга чиқиши Қорақалпоғистоннинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш ва ёшларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Биз, “Миллий тикланиш” партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ҳамда барча депутатлар мазкур қарорнинг самарали ижросини таъминлаш учун бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз. Халқ билан мулоқотни кучайтирган ҳамда уларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, лойиҳаларнинг амалга оширилиши жараёнида шаффофликни таъминлаймиз ва жамоатчилик назоратини ўрнатамиз.
Ишонаманки, Президентимизнинг ушбу қарори Қорақалпоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кучли туртки беради. Барчамиз ушбу қарорнинг самарали ижросини таъминлашга бор кучимизни сафарбар этамиз.
Тажибай Романов,
“Миллий тикланиш” партияси
Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси,
Жўқорғи Кенгес депутати
ЎзА