Янги Ўзбекистонда хизматлар соҳасининг янги босқичи: ўсиш тенденциялари ва барқарор иқтисодий ривожланиш истиқболлари
Бугунги кунда жаҳонда хизматлар соҳаси иқтисодиётдаги энг тез ўсиб бораётган ва юқори қўшилган қиймат ҳамда янги иш ўринларини яратиш учун асосий драйвер йўналиш ҳисобланади.
Мамлакатимизда хизматлар соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан биридир.
Давлатимиз томонидан берилаётган молиявий, солиқ ва маъмурий имтиёзлар хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш учун қулай шароит яратмоқда. Бу эса янги иш ўринлари, сифатли хизматлар, хусусий сектор фаоллиги ва ҳудудий иқтисодий ўсишни таъминламоқда.
Қолаверса, ўтган 5 йил давомида Давлатимиз раҳбарининг хизматлар соҳасини ривожлантириш юзасидан қабул қилган қарорлари орқали соҳада солиқ қонунчилиги, инвестиция, молиявий қўллаб-қувватлаш, ер ресурсларидан фойдаланиш ҳамда қулай инфратузилма яратишга оид бир қанча имтиёзлар жорий қилинди.
Бунда асосан, хизматлар соҳасида бюрократик тўсиқларни қисқартириш, хизмат турларини ҳудудлар кесимида кенгайтириш ва айниқса қишлоқ жойларда транспорт, банк, молия, туризм ва савдо хизматларини яхшилаш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларини ривожлантириш, уларга хусусий секторни жалб этиш учун қулай иқтисодий ва инфратузилмавий шароитлар яратиш белгиланган.
Жумладан, молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича:
- Хизматлар соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қуватлаш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 150 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит линияси очилди.
- Республикамизнинг барча шаҳар ва туманлари марказларида туризм, транспорт, тиббиёт, таълим объектлари ва йирик савдо комплексларини ташкил этиш лойиҳаларини молиялаштириш учун хорижий банклардан 200 млн. АҚШ доллари жалб қилинди.
- Ҳудудларнинг мастер-режаларини ишлаб чиқиш ва зарур инфратузилма билан таъминлашга халқаро молия институтларининг 100 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари йўналтирилди.
- Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш учун 500 млрд. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.
Солиқ имтиёзлари бўйича:
- 2028 йил 1 январга қадар савдо ва хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланди.
- 2027 йил 1 январга қадар меҳмонхона ва савдо комплекслари учун юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари 90 фоизга камайтирилди.
- 2025 йил 1 январга қадар туризм ҳудудларида рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси, уларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳамда юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари
1 фоиз этиб белгиланди.
Бошқа ислоҳотлар:
- Кўчма савдо объектлари учун жойлар тадбиркорлик субъектларига электрон онлайн-аукцион асосида сотилиши йўлга қўйилди.
- Барча тадбиркорлик субъектларига туну-кун фаолият юритиш ҳуқуқи берилди.
- Фуқароларга ижтимоий солиқ тўлаб ўзини-ўзи банд қилиш орқали тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш имконияти яратилди.
- Якка тартибдаги тадбиркорларга беш нафаргача ходимларни ёллаш ҳуқуқи берилди.
- “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилиб, зарур хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилди.
- Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда “Ўзмилилйбанк” АЖ таркибида ҳудудларнинг хизмат кўрсатиш соҳасидаги ихтисослашувини аниқлаш, ривожлантириш концепцияларини ишлаб чиқиш, дастурларни шакллантириш, лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш, хизматларни ривожлантириш бўйича ҳудудий ҳокимият органларига методологик кўмак бериш мақсадида “Хизматларни ривожлантириш бўйича лойиҳа-таҳлилий маркази” ташкил этилди.
- Ташаббускор тадбиркорлар учун 120 дан ортиқ тайёр бизнес ғоялар ишлаб чиқилиб, ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчилари ва маҳалла банкирлари орқали аҳоли тадбиркорликка жалб этилмоқда.
Ўзмиллийбанк томонидан хизматлар соҳасини ривожлантиришга масъул банк сифатида 2021–2025 йилларда тижорат банклари билан ҳамкорликда хизматлар соҳасида истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш, янгича ёндашувларни амалга ошириш ҳамда бу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш орқали иқтисодий фаолликни оширишга қаратилган бир қатор ташаббуслар амалга оширилди.
Сўнгги беш йил давомида тижорат банклари билан биргаликда 283 мингта лойиҳани молиялаштириш учун жами 256,5 трлн. сўм кредит маблағлари ажратилди. Бунда, Миллийбанк ҳиссаси қарийб 20 фоизни ташкил этиб, соҳани ривожлантиришга 49,2 трлн сўм кредит маблағларни йўналтирилди.
Соҳага йўналтирилган жами кредит хажмининг 42 фоизи (108,3 трлн. сўм) янги хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этишга ажратилган бўлса, 30 фоизи (76,9 трлн. сўм) савдо соҳасини ривожлантиришга, қолган 28 фоизи эса (71,3 трлн. сўм) тадбиркорлик субъектлари фолиятини кенгайтириш ҳамда уларнинг айланма маблағларни қўллаб-қувватлашга сарфланган.
Умуман олганда, ҳудудларда 2025 йилнинг ўзида тижорат банклари томонидан соҳага жами 69,4 трлн. сўм, шундан “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан 6 мингдан ортиқ лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун 14,8 трлн. сўм кредит маблағлари йўналтирилди.
Бундан ташқари, ўтган йилларда Банк томонидан хизматлар соҳасидаги юзлаб йирик лойиҳаларни барпо қилиш учун инвестиция маблағлари йўналтирилди.
Мисол учун, “Ўзмиллийбанк” АЖ молиявий кўмаги билан:
- Самарқанд вилоятида “Ipak yoʻli Samarqand sayyohlik majmuasi” ҳамда “Самарқанд халқаро автошоҳбекати”;
- Жиззах вилояти “Zominsoy” ҳамда “Aydarko’l Resort” туризм мажмуалари;
- Қашқадарё вилоятида “Miraki” дор йўли ҳамда “Shohsaroy” туризм копмлекслари;
- Хоразмда вилоятида “ARDA KHIVA Tourism Complex” мажмуаси
- Сурхондарё вилоятида “Qizil suv yoshlar sayilgohi” ҳамда “Термиз шаҳрида жамоат транспорти” хизмати;
- Тошкент вилоятида “Chorvoq darvozasi” сайёҳлик мажмуаси ҳамда “Chimgan Resort” меҳмонхона ва дам олиш масканлари;
- Тошкент шаҳрида “Hastimom Touristic Center” савдо ва туризм маркази,
“Magic city” кўнгилочар маскани ҳамда “Yunusobod residence” турар жой ва бизнес марказлари ташкил этилди.










Шулар билан бир қаторда, ҳудудларда жамоят транспортини яхшилаш мақсадида жами 2 000 тага яқин, шундан Тошкент шаҳрида 1 000 та замонавий автобуслар олиб келинди, шунингдек савдо соҳасида “Корзинка”, таълим соҳасида “Target” ҳамда тиббиёт соҳасида “Global Medical” брендлари остида хизмат кўрсатиш тармоқларини кенгайтиришга молиявий кўмак берилди.
Бундай истиқболли лойиҳалардан юзлаб мисоллар келтириш мумкин.
Ушбу янгича лойиҳавий ёндашувлар орқали 100 минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда, натижада аҳоли бандлиги таъминланиб хизматлар хажми ҳамда аҳоли даромадлари ошмоқда.
Ўз ўрнида, ўтган беш йилда хизматлар соҳасида масъул вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда олиб борилган ислоҳотлар натижасида бир қанча ижобий натижаларга эришилди.
Жумладан, Миллийбанк тижорат банклар билан ҳамкорликда 2024 йилда хизматлар соҳасида 2,6 млн. нафар аҳоли бандлигини таъминлаган бўлса, жорий йилда эса 3 млн. нафардан зиёд аҳоли даромадли меҳнат билан банд қилинди, шундан 2,5 млн. нафари аҳоли тадбиркорликка жалб қилинди.
Хизматлар ҳажми 220 трлн. сўмдан 818,4 трлн. сўмгача ёки номинал қийматда 3,7 баробарга ўсишга эришилди. Ҳудудий таҳлиллар натижаларига кўра, Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Наманган ва Хоразм вилоятларида хизматлар ҳажми 4,3–4,9 баробарга ошди.
Хизматларнинг умумий хажмида Тошкент шаҳрининг улуши 37 фоизни ташкил этиб, етакчилик қилаётган бўлса, кейинги ўринларни Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятлари эгаллаган.
Ўз ўрнида, аҳоли жон бошига хизматлар ҳажми 6,4 млн сўмдан 22 млн сўмгача ошиб, жорий йил якуни билан 25 млн. сўмга етиши прогноз қилинмоқда.
Алоқа, ахборотлаштириш, яшаш ва овқатланиш, соғлиқни сақлаш, маиший хизмат кўрсатишда ўсиш даражаси 2020 йилга нисбатан 4 баробарни ташкил қилди. Жами хизматлар таркибида молия, транспорт, савдо ва умумий овқатланиш хизматлари ҳажми 75 фоизни ташкил этмоқда.
Бу кўрсаткичлар хизматлар соҳасида горизонтал кенгайиш ва минтақавий диверсификация жараёни фаоллигини кўрсатади.
Жаҳон банкининг маълумотларига асосан, 2020-2024 йилларда бутун жаҳон ЯИМ таркибида хизматлар хажми улуши +0,4 фоиз пунктга ўсган.
Марказий Осиё мамлакатлари миқёсида ЯИМ таркибида хизматлар хажмини таҳлил қиладиган бўлсак, Ўзбекистон +6,4%, Қозоғистон +2,1%, Қирғизистон +1,5%, Тожикистон +0,1% фоиз пунктга ўсган бўлса, Туркманистон -1%, Афғонистон -5% фоиз пунктга тушган.
Шунингдек, Польша +2,8%, Туркия +2,6%, Белгия +1,8%, Хитой +1,2%, Россия +1,2%, Таиланд +1,1%, Сингапур +0,9% фоиз пунктга ўсган бўлса, Бангладеш -0,1%, АҚШ -0,3%, Франция -0,6%, Италия -1,1%, Малайзия -1,2%, Бразилия -2,1%, Покистон -3,1% фоиз пунктга тушган.
Мамлакатимизда ушбу ижобий иқтисодий ўсишлар натижасида, ЯИМ таркибида хизматлар улуши 47,4% га етди ҳамда жорий йил якуни билан 49-50 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Жаҳон амалиётида ЯИМ таркибида хизматлар соҳасининг улушига қараб мамлакатлар қуйидагича таснифланади:
- 40-50% - ривожланаётган мамлакатлар учун қабул қилинадиган кўрсаткич;
- 50-60% - иқтисодиёти барқарор, хизматлар соғлом ривожланаётганидан далолат берадиган кўрсаткич;
- 60%-100% - хизматлар сектори етакчи бўлган ривожланган давлатларнинг даражаси ҳисобланади.
Жаҳон тажрибасида хизматлар ҳажмининг улуши ЯИМда камида 50% ва ундан юқори бўлиши ривожланган иқтисодиёт учун меъёр ҳисобланади ҳамда иқтисодиёт диверсификацияланган, кўп иш ўринлари яратиш имконияти мавжуд ҳамда инновацияга очиқлиги билдиради.
Келгуси йилларда креатив иқтисодиёт, рақамли сервислар, жумладан
IT-дастурлаш, сунъий интеллект, шунингдек логистика, аутсорсинг, таълим ва тиббиёт хизматларини молиялаштиришга устувор берилиши мақсад қилинган.
Ушбу йўналишлар замонавий глобал бозор талабларига мослиги, келгусида Янги Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Бобоёр Хидиров,
“Ўзмиллийбанк” АЖ Давлат дастурларини молиялаштириш департаменти “Тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича Лойиҳа-таҳлилий Маркази” бошлиғи