Инсон ҳаётида соғлик — энг улуғ неъмат. Шу боис тиббиёт соҳасига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан мамлакатимизда бу соҳа ривожига қаратилган ислоҳотлар, эришилган ютуқлар ва келгуси мақсадларни таҳлил этиш айни вақтда жуда муҳим аҳамият касб этади.
Соғлиқни сақлаш тизими фақат шифокорлар фаолияти билан чекланиб қолмай, балки бутун жамият ҳаёти, халқ фаровонлиги ва келажак авлод саломатлиги билан чамбарчас боғлиқ. Президентимиз раҳнамолигида сўнгги йилларда тиббиёт соҳаси жаҳон стандартлари даражасига кўтариш, халқ учун сифатли ва шаффоф тиббий хизмат кўрсатиш йўналишида улкан ислоҳотлар амалга оширилди.
“Инсон қадри учун” тамойили соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам асосий йўналиш сифатида белгиланган. Ушбу тамойилга мувофиқ, тиббий хизматларни аҳоли хонадонларигача етказиш, ҳар бир фуқарога кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Соғлиқни сақлаш тизимининг муҳим йўналишларидан бири — оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишдир. 2017 йилдан буён оналар ўлими 21 промилледан 11 промиллегача, гўдаклар ўлими эса 11,5 промилледан 7,8 промиллегача камайди. Бу кўрсаткичлар соҳадаги ислоҳотларнинг амалий самарасини яққол намоён этмоқда.
Шу билан бирга, соҳага ажратилаётган давлат маблағлари миқдори ҳам кескин ошган. Агар 2016 йилда тиббиёт соҳасига 5 триллион сўм йўналтирилган бўлса, бугунги кунда бу рақам 42 триллион сўмга етди. Бу эса соғлиқни сақлашни давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилашнинг амалий ифодасидир.
Жаҳон амалиётига мос бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг янги модели жорий этилмоқда. Ҳозирги кунда ушбу тизим 15 та ҳудудда тажриба тариқасида амалга оширилмоқда. Натижалар ижобий бўлгани сабабли, 2026 йилдан бошлаб Самарқанд вилоятининг барча туман ва шаҳарларида тўлиқ жорий этилиши режалаштирилган. Бу ислоҳотлар аҳолининг барча қатламларига тез, сифатли ва қулай тиббий ёрдам кўрсатиш имконини яратади.

Ҳозирги пайтда тиббиёт соҳасига рақамли технологиялар ва сунъий интеллект жадал равишда кириб келмоқда. Илк бор давлат тиббиёт муассасаларида робот технологиялари жорий этилди. Сунъий интеллект асосида бажарилаётган текширув ва муолажалар сони 50 тага яқинлашган.
Шунингдек, DMED ягона электрон ахборот тизими ишга туширилиб, унга 36 миллиондан ортиқ фуқароларнинг тиббий маълумотлари киритилди. Бу тизим шифокорлар фаолиятида аниқлик ва тезкорликни ошириш, беморлар учун қулай муҳит яратишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида махсус Рақамли соғлиқни сақлаш маркази ташкил этилгани ҳам соҳада рақамлаштириш жараёнини янада чуқурлаштирмоқда.
2017 йилдан буён тиббиёт олийгоҳларига қабул 4,5 баробарга ошди. Соҳада кадрлар тайёрлаш тизими янги босқичга кўтарилди: учта олий ўқув юрти негизида Тошкент давлат тиббиёт университети ташкил этилди, Урганч давлат тиббиёт институти фаолияти йўлга қўйилди.
Самарқанд давлат тиббиёт университети халқаро “Times Higher Education” рейтингида муносиб ўрин эгаллади. Халқаро аккредитациядан ўтган тиббиёт олийгоҳлари сони ҳозирда 8 тага етди.
2025 йил давомида 300 га яқин мутахассислар ривожланган хорижий давлатларда малака ошириб қайтди. Бу тажриба алмашинуви соҳа салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.
Ислоҳотларнинг амалий натижалари халқ ҳаётида яққол намоён бўлмоқда. Масалан, оналар ва болалар ўлими даражаси кескин камайди, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 73,8 ёшдан 75,1 ёшга кўтарилди. Тез тиббий ёрдам хизматида электрон бошқарув тизими жорий қилиниб, чақириқларга етиб бориш вақти сезиларли қисқарди. Бу натижалар соҳадаги самарадорликни тасдиқлаб, халқ ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Ўзбекистонда тиббиёт тизимини такомиллаштириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар — инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаёти ва саломатлигини давлат сиёсати марказига қўйишнинг амалий ифодасидир.
Юқорида келтирилган натижалар соҳа тараққиётининг янги босқичга кўтарилганини кўрсатади. Бу жараёнда энг муҳим омил — соҳа ходимларининг меҳнати, садоқати ва масъулиятидир. Шунинг учун тиббиёт ходимларига бўлган юксак эътибор ва эътироф нафақат давлат сиёсати, балки жамиятнинг маънавий эҳтиёжига айланди.
Келгусида тиббиётни янада ривожлантириш, жаҳон тажрибасини кенг жорий этиш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш ва соғлом турмуш тарзини ҳаёт меъёрига айлантириш мамлакатимиз фуқароларининг саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Соғлом халқ — юрт тараққиётининг пойдевори, тиббиёт ходими эса бу тараққиётнинг энг муҳим қувватидир.
Дилдора Дўсматова, ЎзА