Янги Ўзбекистонда суд тизимининг инновацион ривожланиши: “Рақамли суд” концепцияси амалиётда
Бугунги рақамли дунёда рўй бераётган чуқур интеграция ва трансформациялашув жараёнлари суд органлари фаолиятига ҳам замонавий технологияларни жорий этиш заруриятини вужудга келтирмоқда.
Мана шу ҳаётий заруриятдан келиб чиқиб, Янги Ўзбекистон суд тизими фаолиятига илғор технологияларни кенг жорий этиш бу борадаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди, дейиш мумкин.
Хусусан, сўнгги тўққиз йилда судларнинг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш, одил судлов ишларини юргизиш сифати ҳамда самарадорлиги даражасини ошириш, суд ходимлари томонидан сансоларлик, бюрократизм ва турли суиистеъмолчиликларга барҳам беришга қаратилган 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Натижада, барча инстанция судларида ишларнинг ўз вақтида қонуний кўриб чиқилишини назорат қилишнинг самарали тизими яратилди, судлов ишларини юргизиш жараёнидаги автоматлаштириш ва биз судьяларнинг фаолиятимиз тўғрисидаги ахборотларни тизимлаштириш кенгайтирилди.
Айниқса, 2025 йил 21 августда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сонли фармони фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш жараёнида суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш орқали “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларнинг юритилишини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказиш борасида қуйидаги муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Биринчидан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини ошириб бориш, суд ҳужжатларидан нусха олиш, суд ишлари билан танишиш, аризанинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилигини аниқлаш, сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имкониятини яратиш, шунингдек, суд томонидан тақиқланган манба ва контентларнинг электрон реестрини юритиш.
Иккинчидан, судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун зарур техник инфратузилма яратиш, шунингдек, ушбу йўналишдаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш.
Учинчидан, Олий суднинг ахборот тизимлари негизида суд ҳужжатлари архиви модулини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича “Кибер ҳуқуқ” йўналишида илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, судьялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакасини доимий ошириб бориш.
Тўртинчидан, иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва ягона суд амалиётини шакллантириш.
Бешинчидан, “Рақамли суд” концепцияси асосида босқичма-босқич суд мажлиси залларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ва судьялар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратиш каби йўналишлар шулар жумласидандир.
Шубҳасиз, фармонда белгиланган вазифаларнинг ижроси судлар фаолиятига замонавий, илғор технологияларни жорий этиш ва уни рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, пировард натижада, суд органларида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш орқали инсон манфаатлари таъминланишига амалий хизмат қилади.
Бахтиёр Қиличев,
Жиноят ишлари бўйича Кўкдала туман судининг тергов судьяси.
ЎзА