Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Янги Ўзбекистонда диншунослик таълими ва илмий тадқиқотлар” республика форуми доирасида “Диншуносликнинг долзарб муаммолари” республика илмий-амалий конференцияси ташкил этилди.
Мазкур конференциянинг мақсади “Диншунослик” фанини ўқитишни янада такомиллаштириш, таълим самарадорлигини ошириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишдан иборат.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов ва бошқалар мамлакатимизда диншунослик масалаларини ўрганиш, бу борада кенг қамровли илмий тадқиқотлар олиб бориш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Илмий-амалий анжуманда “Жамият барқарорлигини таъминлашда диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатишнинг аҳамияти”, “Ўзбекистонда диний таълим тизимидаги янги ислоҳотлар”, “Дин герменевтикаси: тарих ва замонавийлик”, “Замонавий Қозоғистонда диншунослик ва диний таълим жараёнлари”, “Нақлий ва ақлий илмлар интеграцияси: Малайзия ислом илмлари университетида қиёсий диншуносликка ёндашув”, “Ҳуқуқ тартибот органлари тасарруфидаги олий таълим муассасаларида “Диншунослик” фанини ўқитишнинг ўзига хос жиҳатлари” каби масалалар атрофлича муҳокама этилди.
[gallery-22849]
– Миллий ва диний қадриятлар уйғунлигига эришиш, диний бағрикенглик ҳамда миллатлараро тотувликни таъминлаш, дин ниқоби остидаги бузғунчи ғояларга қарши ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш, улар қалбида ободлик, бунёдкорлик каби туйғуларни уйғотиш давр талабига айланмоқда, – деди Халқаро ислом академиясининг “Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш ЮНЕСКО” кафедраси мудири Одил Эрназаров.– Ушбу форум доирасида “Диншуносликнинг долзарб муаммолари” республика анъанавий конференциясини ўтказиш билан бир қаторда халқаро тажрибани ўрганишга доир бинар дарслар, давра суҳбатлари ва талабалар илмий анжуманлари ҳам ўтказилади.
Анжуманда муҳокама этиладиган масалалар, хусусан, дунёвий ва диний таълимга оид муаммолар борасида амалга оширилган илмий изланишлар натижалари билан илмий жамоатчиликни таништириш, республикамиз таълим муассасаларида диншуносликка оид фанларни ўқитишни янада такомиллаштириш, диний бағрикенглик ғояларини умумбашарий қадрият сифатида мустаҳкамлаш билан боғлиқ бўлиб, улар республикамиз миллий тараққиёти, тинчлик ва барқарорлигининг кафолати бўлиб хизмат қилади.
Ўз навбатида, конференцияга келиб тушган диншунослик, исломшунослик, тарих, фалсафа, дин психологияси каби ижтимоий фанлар йўналишига оид турли илмий мақолалар мазкур анъанавий анжуманнинг XVII материаллари тўпламидан ўрин олди.
Тўплам юртимиздаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида диншунослик фанлари бўйича таълим берувчи профессор-ўқитувчилар, олимлар, шунингдек, исломшунос, шарқшунос, манбашунос, тарихчи, ёш илмий тадқиқотчиларнинг илмий изланишлари асосида ёзилган 100 га яқин мақолани ўзида жамлаган бўлиб, унда диний бағрикенглик, миллий ва диний қадриятлар уйғунлиги, аждодлар илмий меросининг маънавий ҳаётимизда тутган ўрни ўз ифодасини топган.
Форуми доирасида «Ўзбекистон ва ЮНEСКО алоқалари: ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, ЮНEСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси Таълим ва илм-фан бўлими бош эксперти Дилноза Қурбонова, мамлакатимиздаги етакчи олий таълим масканларининг олимлари, профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Назокат Усмонова,
Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА мухбирлари