Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида таълим соҳасида бошлаган ислоҳотларимизни давом эттиришимиз, таълим даргоҳларига бориб, ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, ўқув-тарбия ишлари сифатини ошириш бўйича улар қўйган масалаларни биргаликда ҳал этишимиз кераклиги алоҳида таъкидланди.

Таълим сифатини ошириш, хорижий тилларни ўқитишни ривожлантириш, ўқувчи ёшларнинг хорижий тилларни ўрганиш бўйича кўникма ва малакаларини ошириш давлат сиёсатининг таълим соҳасидаги устувор вазифалардан бирига айланди. Болаларимиз мактабдан она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқиши зарур.
Олий таълим муассасалари педагогларининг зиммасига – хорижий тил ўқитувчилари чет тилларни чуқур ўрганиш ва ўргатиш вазифаларини, хориждаги ривожланган мамлакатларнинг илғор инновацион педагогик тажрибаларидан фойдаланиш ва шу асосида хорижий тилни ўқитишнинг замонавий самарали методикасини яратиш вазифаси қўйилди. Хорижий тилларни ўқитиш ва ўқувчи ёшлар билимини баҳолаш борасида замонавий коммуникатив компетенциявий методикаларга асосланган инновацион таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва таълим тизимининг барча босқичларига жорий этиш вазифаси ҳам кун тартибидаги муҳим вазифаларга айланмоқда.
Хорижий тилларни ўқитиш борасида янгича ёндашувларга йўналтирилган илмий фаолиятни кўпроқ рағбатлантириш, бунда асосий эътиборни илмий ишнинг амалий самарадорлигига қаратиш муҳим аҳамиятга эга. Илмий изланувчилар томонидан ишлаб чиқилган методларни бевосита таълим муассасаларида амалий синовдан ўтказиш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш самарали натижаларга олиб келиши шубҳасиз.
Мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларининг нофилологик таълим йўналишлари ва мутахассисликларида хорижий тилларни соҳаларга мослаштирган ҳолда ўқитиш, хорижий тилларини ўқитиш бўйича замонавий ўқув-методик ҳамда билимни баҳолашга оид материалларни ўз ичига олган ягона таъминотни амалга оширувчи электрон дастурий платформани яратиш зарурлигини тақоза этмоқда. Шу каби қатор масалаларнинг барчасидан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда хорижий тилларни ўқитишнинг замонавий ва инновацион педагогик технологияларини, ўқув-услубий таъминотини яратишдан иборатдир.
Хорижий тил ўқувчиларнинг эркин ва креатив фикрлашига қаратилган бўлиши, ҳар бир ўқувчининг қобилиятига қараб, аниқ йўналишлар бўйича чуқур ўқитилиши яхши самара беради. Шу мақсадда янги дарсликларни яратиш, илғор таълим стандартлари ва методикаларини ўқув тизимига жорий этиш талаб этилади.
Ушбу жараёнларда ўқитувчилар, профессор-ўқитувчилар, таълимга дахлдор барча инсонлар фаол бўлишлари, кенг жамоатчиликнинг амалий ҳаракатига айланиши керак.
Жиззах вилоятидаги 555 та умумтаълим мактабларида 1 минг 744 нафар инглиз тили ўқитувчилари, 23 нафар немис тили ва 21 нафар француз тили ўқитувчилари жами 1 минг 788 нафар хорижий тиллар ўқитувчилари фаолият юритади. Инглиз тили ўқитувчиларининг 200 нафари олий тоифали бўлса, 650 нафари В2 ва С1 даражадаги халқаро ва миллий тилни билиш сертификатига эга. Битирувчи ўқувчиларнинг 300 нафари имтиёзли чет эл сертификатини эгаллаган. Хорижий тилларни ўқитишнинг сифатини ошириш мақсадида 13 та хорижий тиллар ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилган.
Бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилиши белгиланганини ва бу борада Президент мактабларида “A-level” таълим дастури йўлга қўйиши назарда тутилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу таълим дастурини барча мактабларда йўлга қўйилиши яхши самара бериши шубҳасиз.
Аммо Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, таълим ва тарбия сифати, ўқитувчиларнинг билими ва маҳоратини талаб даражасида, деб бўлмайди. Хабарингиз бор, 2011 йилда биринчи синфдан бошлаб чет тилини ўрганиш йўлга қўйилган эди. Олий таълим муассаларида PRESIT дастури асосида ўқитиш ва тил кўникмаларини ривожлантириш амалга ошириш бошланган эди. Бугун ўша биринчи синфларда ўқиган фарзандларимиз умумтаълим мактабларини тамомладилар. Айримлари олий ўқув юртларига кирди. Бугун уларнинг чет тили бўйича ўзлаштириш даражалари талабга жавоб берадими? Бу методик ёндашувнинг самараси қандай бўлди? Кутилган натижани бердими?
Бу борада ютуқларга эришилгани шубҳасиз, албатта. Авваломбор хорижий тилни ўрганишнинг шахс фаолиятидаги аҳамияти ҳамда жамият олдидаги аҳамияти ёшлар онгига сингдирилди. Ёшларимиз тил билиши натижасида ривожланган мамлакатлар олий таълим муассасаларида ўқиш имконияти яратилди. Тил ўрганишга қизиқиш шаклланди. Аммо бугунги ҳисоб-китобларга кўра, бир қадар ютуқлар бўлганлигини эътироф этсак-да, барчамизни ташвишга соладиган жиҳатлар ҳам анчагина эканлиги аён бўлади.
Жумладан, Жиззах вилоятида 16 мингга яқин ўқувчи-битирувчиларнинг 300 нафари имтиёзли чет тили сертификатини эгаллашини ҳам яхши кўрсаткич, деб бўлмайди. Бу имтиёзли сертификат олганлар асосан инглиз тилини чуқур ўрганувчилар эканлиги, аммо физика, химия, биология ва бошқа фанларни танлаган ўқувчиларчи? Хуллас, тил ўрганиш оммалашмай қолди десак хато бўлмайди.
Муҳтарам Президентимиз, болаларимиз мактабдан чет тилларни, касб-ҳунар ва компьютер саводхонлигини пухта ўрганиб чиқса, жамиятда ижобий ўзгаришлар, юксак тараққиёт бўлишини, бугунги болаларимиз камида иккита хорижий тилни билишлари лозимлигини уқтирмоқда. Таъкидлаш лозимки, бир вақтлар мамлакатимизда инглиз тили баробарида француз, немис, испан тиллари ўрганилар эди. Афсуски, кейинги йилларда инглиз тилидан бошқа тилларни ўрганиш рағбатлантирилмади. Олдин йўл қўйилган хатолар бу тилларни мактабларда деярли ўқитилмасликка олиб келди.
Айни пайтда, юқорида қайд этилганидек, Жиззах вилоятида 17 та француз, 23 та немис тиллари ўқитувчилари фаолият юритмоқда, холос. Бирон бир мактабда шарқ тилларини жумладан, хитой тили, корейс тили, япон тилини ўрганиш йўлга қўйилмаган. Шу маънода ўқувчининг мактабда икки хорижий тилини ўрганиши учун ҳам ташкилий ҳам амалий имконияти шу кунларда мавжуд эмас.
Олий таълим муассаларида, айниқса вилоятимиз олий таълим муассасаларида инглиз тилидан бошқа тиллар бўйича мутахассислар тайёрланмайди. Фикри ожзимча, олий таълим муассасаларида бошқа тилларни ўқитиш ва мутахассислар тайёрлашга эътиборни кучайтириш зарур. Жумладан, француз, немис, хитой, япон, корейс тиллари бўйича мутахассислар тайёрловчи бўлимларни йўлга қўйиш, шу билан бирга бу тилларни иккинчи тил сифатида ўқитишни кучайтириш мақсадга мувофиқ. Масалан, инглиз-француз, инглиз-немис, инглиз-хитой, инглиз-япон, инглиз-корейс ихтисослигини бериш амалиётини жорий этиш ҳам жуда яхши самара берган бўларди.
Хорижий тилларни самарали ўқитишнинг калити – замонавий билимни эгаллаган, савияли хорижий тил кўникмасига эга бўлган ўқитувчиларни тайёрлаш билан боғлиқ жараёндадир. Мен фаолият юритаётган Жиззах давлат педагогика университетида бир ярим мингдан ортиқ талаба хорижий тилларни ўрганмоқда. Хорижий тиллар факультетида асосий мутахассислик фани сифатида инглиз тили чуқур ўргатилмоқда. Иккинчи тил сифатида эса немис ва француз тиллари ўқитилади. Шу билан бирга нофилологик факультетларда ҳам чет тилини ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Талабалар ва профессор ўқитувчиларимиз хорижий тилларини билиш даражасига, яъни халқаро ва миллий квалификация сертификатлари, жумладан, IELTS, CEFR, APTIS, TKT, CELTA, TESOL каби сертификатларни олишга алоҳида эътибор қаратишган ва ушбу сертификатга эга профессор-ўқитувчилар, талабалар рағбатлантирилмоқда.
Университет ва Британия Кенгаши билан тузилган ўзаро ҳамкорлик шартномаси асосида Жиззах давлат педагогика университетида IELTS имтиҳонлари ўтказилмоқда. Ушбу шартномага кўра жиззахлик талаба ёшлар, абитуриентлар, профессор-ўқитувчилар Жиззах шаҳрининг ўзида ушбу халқаро имтиҳонни топшириш имкониятига эга бўлди. Бу имкониятнинг яратилиши профессор-ўқитувчиларимиз, талабалар учун қарорда белгиланган вазфалар ижросини амалга оширишга қаратилган яна бир восита ҳисобланади.
Факультет профессор-ўқитувчилари олий таълим тизимида хорижий тиллар ўқитиш узвийлигини таъминлаш, таълимнинг барча йўналишлари учун ўқув адабиёт ва дарсликларнинг янги авлодини хорижий ҳамкорлар иштирокида яратиш борасида илмий изланишлар олиб бормоқда. Шунингдек, профессор-ўқитувчиларни хорижий давлатларга илмий стажировкаларга ва малака ошириш курсларига юбориш устувор йўналишларидан бири ҳисобланиб, бу борада жаҳондаги нуфузли халқаро университетлар билан ишларимизни ҳамкорликда амалга оширмоқдамиз.
Бугунги кунда университетимиз кўплаб чет эл мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Жумладан, Буюк Британиянинг Норвич университети, Постмуд университети, Франция ва Туркиянинг бир неча университетлари, Россия Федерациясининг Москва давлат педагогика университети, Тула давлат педагогика университети, Қозоғистон Республикасининг қатор университетлари ва бошқа кўплаб олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган.
Олий ўқув юртлари ва умумтаълим мактаблари ўртасидаги алоқани кескин даражада кучайтириш лозим. Бунда, Халқаро дастурлар (PISA, PIRLS, TIMSS, EGMA, EGRA) талаблари тўғрисида ҳамда ўқувчиларни мазкур тадқиқотларда қатнашишга тайёрлаш тўғрисида олий таълим муассасалари ўқитувчилари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларига кенг тушунтириш ишларини олиб боришлари талаб этилади. Бу борада семинарлар, семинар-тренинглар, суҳбатлар ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.
Илмий-методик ишларга мактаб ўқитувчиларини жалб қилиш, халқаро баҳолаш дастурларига тайёрловчи stesting.uz платформаси орқали умумтаълим мактабларининг ўқувчиларини PISA, PIRLS, TIMSS онлайн тайёргарлик синовларида иштирок этишини таъминлаш лозим.
Мактаб ўқувчилари ўртасида Spelling Bee, Brilliant Minds фан олимпиадаларини ўтказиш, мактабдан хорижий тилларни пухта ўзлаштирган ўқувчиларни саралаб олиб, хорижий тилда Content and Language Integrated Learning (контент ва тилни интегратсиялашган ҳолда ўрганиш) CLIL технологияси асосида ўқув жараёнини ташкил этиш, мактаб ўқувчиларида “Критик (танқидий) фикрлаш (Critical thinking); Коллаборация (Team Work) (жамоавий ишлаш); Креативлик (Creativity – ижодкорлик); Коммуникация (Communicative skills – мулоқот кўникмалари)”ни шакллантирувчи методлар юзасидан баҳс-мунозара ўтказиш, хорижий тилларни ўқитишда blended learning (аралаштирилган ўрганиш), flipped learning (айлантирилган ўрганиш) технологияларидан самарали фойдаланиш орқали ўқув жараёнига кенг татбиқ этиш каби жараёнларда олий таълим муассасалари ўқитувчилари мактаб ўқитувчилари билан ёнма-ён фаолият юритиши яхши самара беришига ишончим комил.
Хорижий тил асосий мутахассислик ҳисобланган педагогика ОТМ йўналишлари учун кириш имтиҳонларида анъанавий тест ўрнига “Чет тилини билиш даражаси миллий квалификация” (Чет тилини билиш 4 та кўникмалари бўйича) тести орқали талабаликка қабул қилиш лозим. Анъанавий тестга тайёрланиш орқали эса абитуриентлар фақат чет тили грамматикасини ўрганишади ва натижада уларнинг коммуникатив компетенцияси яъни гапириш, тинглаб тушуниш, ёзиш, ўқиш кўникмалари шаклланмайди ва CEFR талабларига жавоб бера олмайди.
Хорижий тиллар таълим йўналиши битирувчи курс талабаларини таълим муассасаларида CLIL (Content and Language Integrated Learning) ёндашуви бўйича ишлашига шароит яратиш ҳам самара беради, деб ўйлайман. Бунинг учун битирувчи курс талабалари ўқув жараёнини ташкил қилишда дуал таълим принципларини жорий этиш тавсия этилади, яъни табиий фанлар ёки аниқ фанлар йўналишини битираётган талабага хорижий тиллар қўшимча квалификация берилиши ва натижада биология фанини инглиз тилида ўқитадиган мутахассис етишиб чиқишига имконият яратилади.
Ҳар бир таълимга дахлдор инсон Президентимизнинг ушбу “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади” каби фикрини ҳамма вақт ёдимизда тутишимиз ҳам қарз, ҳам фарз демакдир.
Абдуғафур МАМАТОВ,
Жиззах давлат педагогика университети
Хорижий тиллар факультети декани,
филология фанлари доктори, профессор
ЎзА