Ўзбекистон туризм салоҳияти йилдан-йилга ошиб боряпти. Пойтахтдаги бунёдкорлик ишлари, жумладан, янги қурилишлар, замонавий меҳмонхоналар, бизнес марказлари ва туризм инфратузилмаси объектлари дунё стандартлари асосида барпо этилаётгани сайёҳлар сонини оширишга хизмат қилади.
Яқин кунларда Ўзбекистонда катта шодиёна – Мустақиллигимизнинг ўттиз тўрт йиллик байрами нишонланади. Шу улуғ кунларда ободлик, Тошкентнинг янги қиёфасини, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, Янги Ўзбекистоннинг янги биноларини кўрганда қувонади киши. Республиканинг барча ҳудудларида бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. “Янги Ўзбекистон” боғига туташ ҳудудда қад ростлаган замонавий меҳмонхоналар мажмуаси айни шу ишларнинг мантиқий давомидир.
Бир пайтлар қаровсиз ётган манзил бугун обод масканга айланган. 8 гектардан зиёд майдонда 12 та замонавий меҳмонхона, 375 ўринли “Янги Тошкент” конференция зали, 310 ўринли ресторан, соғломлаштириш маркази ҳамда очиқ спорт майдони барпо этилган. Президент ташаббуси билан ташкил этилган бу мажмуа маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг харакатланиши учун қулай локация сифатида эътироф этилмоқда.
– Ушбу комплекснинг аҳамияти шундаки, ҳар бир меҳмонхона худудларни қамраб олган. Мисол учун, “Бизнесни ривожлантириш банки” Қорақалпоҳистон Республикаси меҳмонхонасини қурдик, – деди “Бизнесни ривожлантириш банки” бошқаруви раиси Сахи Аннакличев. – Ўзгача муҳит яратилган, миллийлигимизни акс эттириб турган бу меҳмонхоналарнинг жозибадорлиги энг аввало, “Янги Ўзбекистон боғи”да қад ростлагани, шунингдек, Олимпия шаҳарчасига ёндошлиги билан аҳамиятли бўлди. Меҳмонхоналар бир пайтнинг ўзида 1480 нафар меҳмонни сиғдира олади. Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, биноларда энергия тежовчи ускуналар ўрнатилган.
Қайд этиш керак, ресторанлар, хизмат кўрсатиш объектлари ва анжуманлар зали билан уйғун ҳолда ташкил этилган комплекс юқори даражадаги тадбирлар ҳамда йирик халқаро анжуманлар ўтказиладиган жой бўлади.
Ҳудудда истиқомат қилаётган фуқаролар янгиланиш, янги қурилишларга юз тутган Янги Ўзбекистоннинг фарзандлари эканидан бахтиёр. Зеро, мажмуа қурилиши ортидан ён-атрофдаги маҳаллаларнинг инфратузилмаси ҳам яхшиланиб, аҳоли фаровонлиги таъминланди.
[gallery-24860]
Шунингдек, лойиҳа иқтисодий имкониятлар яратади: йилига 39 миллиард сўм қўшилган қиймат ва мол-мулк солиғи тўланади. Мажмуа ишга тушиши натижасида 540 та янги иш ўрни яратилиб, йилига ўртача 55 минг туристга хизмат кўрсатилиши кўзда тутилган.
Бу бунёдкорлик – Янги Ўзбекистоннинг янги қиёфаси, халқимизнинг орзу-интилишлари ва эзгу мақсадларининг амалий ифодасидир.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/KNWr0sgY1v4?si=WxPcAKjv0oPjoSI7" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (фото),
Анвархўжа АҲМЕДОВ (видео),
ЎзА