Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги миллий, халқ ва давлат манфаатларидан келиб чиқиб, очиқлик сари қўйилаётган қадамлар ўз натижаларини бераётганини Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси илк марта Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистон пойтахти – азим Тошкент шаҳрида ўтказилганининг ўзи тасдиқлайди.
181 та миллий парламент, 15 та минтақавий уюшмани бирлаштирган Иттифоқ Ассамблеяси мамлакатимизда ўтказилгани дунё давлатлари ва ташкилотларининг Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, очиқлик ва ошкоралик сари дадил қадамлар қўяётганига билдирилган ишончининг ёрқин намунаси ҳамдир.
Ушбу ассамблеяда Президентимиз Ўзбекистоннинг ички сиёсати ёки муаммоларини эмас, бутун дунё халқларини, инсониятни қийнаб келаётган муаммолар ҳақида сўз юритиб, уларга ечим топиш фақатгина ҳамжиҳатликда эканлигини таъкидлаганини барча иштирокчилар бир овоздан қўллаб-қувватлади. Бу эса Янги Ўзбекистонни дунё эшитаётганини кўрсатибгина қолмай ҳар бир ватандошимиз қалбига ғурур ва ифтихор бағишламоқда.

Жумладан, Президентимиз ўз нутқларида: “Сўнгги ўттиз йилда жаҳон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 4,5 баробарга ортган. Лекин, афсуски, инсониятнинг камбағал қатламлари даромадлари деярли ўзгармаган. Агар бу тенденция сақланиб қолса, 2030 йилга бориб дунё аҳолисининг 575 миллион нафари қашшоқликда умр кечиради. 84 миллион бола эса таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлади. Ўз-ўзидан равшанки, бу ҳолат иқтисодиёт ва жамиятга катта зарар етказади, ижтимоий-иқтисодий институтлар фаолиятини заифлаштиради, пировард натижада одамларнинг имкониятларини чеклайди. Албатта, бундай тенгсизликнинг асл сабабларини аниқлаш ва унинг оқибатларига қарши курашиш барчамизнинг асосий вазифамиздир”, деб алоҳида таъкидлаган ҳолда барча давлатларни ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишга чорлади.
Ваҳоланки, Янги Ўзбекистонда аҳолини камбағалликдан чиқариш, тўкин ва фаровон ҳаёт кечиришига хизмат қилувчи “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда. Демакки, дунё давлатлари Ўзбекистон тажрибаси билан ўртоқлашади.
Шу ўринда яна бир гап.
Президентимиз Украина атрофидаги вазият, Фаластин – Исроил низоси, қўшни Афғонистон тақдири, сайёрамиздаги иқлим ўзгаришлари, хотин-қизлар ҳуқуқлари каби долзарб ва кечиктириб бўлмайдиган глобал масалаларни дунё сиёсатчилари ҳамда парламентлари вакиллари эътиборига тақдим этар экан, уларни бартараф этиш юзасидан Янги Ўзбекистоннинг миллий ташқи сиёсатидан келиб чиққан ҳолда ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди.
Таъкидлаш жоизки, “Миллий тикланиш” демократик партиясининг сайловолди дастурининг VII бандида ҳам мамлакатимизнинг халқаро майдонда миллий манфаатлар устуворлиги, дунё ҳамжамияти билан муносабатларда тинчликсевар ташқи сиёсатни қўллаб-қувватлаш алоҳида белгилаб ўтилган.
Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистон – янги имкониятлар сари дадил одимламоқда.
Илҳом Ражабов,
“Миллий тикланиш” демократик партияси
Навоий вилояти Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
ЎзА