Пойтахтимиздаги “Янги Ўзбекистон” университетида Осиё Тараққиёт Банкининг энг сўнгги иқтисодий таҳлил ва прогнозларига бағишланган йирик халқаро анжуман – “ADB Outlook 2025” тақдимоти бўлиб ўтди.
Анжуман давомида Осиё Тараққиёт Банкининг 2025 йилга доир иқтисодий прогнозлари, жумладан, Ўзбекистон ва минтақанинг иқтисодий ўсиш суръатлари, инфляция динамикаси, макроиқтисодий барқарорлик ҳамда инвестиция муҳити бўйича чуқур таҳлиллар тақдим этилди.
Тадбир Осиё Тараққиёт Банкининг экспертлари томонидан тайёрланган сўнгги иқтисодий кўрсаткичлар асосида сиёсий қарорлар қабул қилиш, хусусий сектор ва давлат ҳамкорлигини кучайтириш, шунингдек, ёшларда иқтисодий саводхонликни оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Университетда бу каби халқаро миқёсдаги тадбирнинг ўтказилиши нафақат таълим муассасаси учун муҳим воқеа, балки республикамизнинг илмий-академик салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилувчи қадамлардан бири бўлди.
[gallery-22778]
Талабалар Осиё Тараққиёт Банкининг таҳлилчилари билан бевосита мулоқот қилиш, реал статистик маълумотлар асосида минтақавий ривожланиш истиқболлари ҳақида маълумот олиш имконига ҳам эга бўлди.
Тақдимотдан сўнг, “Савол-жавоб” сессияси ва очиқ мулоқот ташкил этилди. Осиё Тараққиёт Банки вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, ушбу ислоҳотларнинг халқаро инвесторлар учун ижобий муҳит яратишини таъкидлади.
Камола ЮСУПОВА,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА