Ўзбекистон Республикаси Президенти “Янги Ўзбекистон” университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, қуйидаги асосий мақсадлар белгиланди:
а) энг иқтидорли ёшлар ва юқори салоҳиятли профессор - ўқитувчиларнинг илмий мактабларини шакллантириш;
б) илмий ва инновацион ёндашув асосида саноатда экспорт ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, таннархни пасайтиришга қаратилган илмий лойиҳаларни амалга ошириш;
в) дунё миқёсидаги илмий лабораторияларни ташкил этиш ва замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш;
г) халқаро стандартлар ва илғор тажриба асосида тиббиёт соҳасида таълим, амалиёт ҳамда илмий тадқиқот фаолияти уйғунлигини таъминлаш, соҳа учун рақобатбардош ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш.
Президент қарорига мувофиқ, "Янги Ўзбекистон" университетининг замонавий илмий лаборатория базаси шакллантирилади, илғор технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланади ҳамда муҳандислик-техник, сунъий интеллект, нанотехнологиялар, "яшил" иқтисодиёт ва тиббиёт соҳаларини ривожлантиришга қаратилган илмий тадқиқотлар кенгайтирилади ва уларнинг трансфери бўйича самарали тизим шакллантирилади.
Русурсларни бирлаштириш орқали илғор тажриба асосида Университетда мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётидаги устувор соҳаларда юксак билимга эга кадрлар тайёрлаш ва юқори самарадорликка асосланган илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш тизими йўлга қўйилади.
Апробация жараёнидан ўтиб, татбиқ этилган замонавий таълим технологиялари ва олий таълим ташкилотини бошқариш тизимларини республиканинг бошқа олий таълим ташкилотларига босқичма-босқич жорий этиш мақсадида Университет ҳузурида юридик шахс ҳисобланган илғор билим ва тажрибалар трансфери маркази ташкил этилади.
Университетга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
илмий унвонлар ва илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар тузиш, уларнинг таркибини тасдиқлаш;
тегишли ихтисосликларда илмий унвон ва илмий даражаларни бериш, шунингдек, докторант ва мустақил изланувчиларга илмий раҳбарлик қилиш тартибини тасдиқлаш;
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Университетнинг магистратура мутахассисликлари талабаларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 июндаги 300-сон қарори билан таълимнинг бакалавриат босқичига жорий қилинган давлат грантини ажратиш тартиби жорий этилади;
2027 йил 1декабрга қадар Университет учун олиб келинадиган ва муқобили Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган қурилма, дастурий ва техник воситалар, бутловчи қисмлар божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилади.
Қарорга кўра, чет эллик мутахассисларни жалб этган ҳолда Европа стандартлари асосида Университетда Германия Федератив Республикасининг олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда тиббиёт факультети ташкил этилади.
ЎзА