
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Самарқанддаги “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити олдидан “Euronews” ахборот агентлигига берган интервьюси мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ривожланиш стратегияси, қатор йўналишлар бўйича ўз қарашлари ҳамда глобал ўзгаришлар фонида миллий манфаатларни ҳимоя қилиш йўллари ҳақида батафсил таҳлилни тақдим этди.
Наманган давлат университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Собитхон Турғунов бу борадаги ўз фикр-мулоҳазаларини қуйидагича баён қилди:
– Юртбошимиз 27 давлатни, жумладан, “Катта еттилик”ка аъзо Германия, Франция ва Италия каби мамлакатни бирлаштирган Европа Иттифоқи Марказий Осиё билан минтақалараро даражада тизимли ҳамкорликни йўлга қўйган энг йирик интеграцион тузилма ҳисобланишини, Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик иқтисодиёт ва инвестициядан тортиб барқарор ривожланиш, хавфсизлик ва рақамли трансформациягача бўлган соҳаларнинг кенг мажмуасини қамраб олади ҳамда узоқ муддатли стратегик устувор йўналишларга асосланишини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, бугунгача Ўзбекистон Италия ва Франция билан стратегик шериклик ўрнатди. Германия ва Марказий Осиё мамлакатлари эса минтақавий стратегик шерикларга айланди. Минтақамизда кузатилаётган ижобий жараёнлар туфайли Марказий Осиё қудратли ва етакчи давлатларнинг Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи йўллар туташган геосиёсий чорраҳадаги ишончли ҳамкори бўлиб улгурганини таъкидлаган давлатимиз раҳбари бундай шароитда Самарқанд саммитида Европа Иттифоқи ва минтақамиз давлатлари ўртасида стратегик шериклик йўлга қўйилиши минтақалараро ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқликнинг ривожланишида янги йўналишлар очишини айтиб ўтди.
Интервьюда таъкидланган яна бир асосий мавзулардан бири минтақанинг хавфсизлиги ва унга жиддий таҳдид солаётган омиллардир. Бу борада Президентимиз Марказий Осиёда конструктив, яхши қўшничиликка асосланган ва ўзаро манфаатли муносабатларни босқичма-босқич барпо этиш энг тўғри ва оқилона ечим эканини эътироф этди. Юртимизда турли маданият ва эътиқод вакиллари тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда, диний бағрикенглик ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси - давлат сиёсатининг муҳим устунларидан бири этиб белгиланган.
Шунингдек, бўлажак саммитдан кутилаётган натижалар ҳамда мамлакатимизнинг иқтисодий стратегияси, инвестицион муҳит ва тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги режаларга ҳам батафсил тўхталди. Нуфузли саммит халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун янги истиқболлар очишига ишонч билдирди.
Табиийки, илм-фан ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш, ёш олимларни рағбатлантириш, технологик ривожланишга берилаётган эътибор – экология соҳасидаги кадрлар рақобатбардошлигини таъминлашнинг муҳим шарти. Бу борада Ўзбекистон стратегик йўналишларни аниқ белгилаб олган бўлиб, айнан шу масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
“Euronews” нашрига берилган интервьюдан шундай хулоса чиқариш мумкинки, Ўзбекистон ўзининг мустақил йўлидан бораётган, миллий қадриятларини асраб-авайлаган ҳолда глобал тараққиётга интилаётган давлат сифатида ривожланмоқда. Президентимиз илгари сурган ғоялар, саммитда ўртага ташланадиган таклифлар мамлакатимиз келажаги учун жуда муҳим.
Оқилхон Дадабоев ёзиб олди.
ЎзА