Жорий йилдан олимпия спорт турлари бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатларини уч босқичли “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақалари шаклида ўтказиш тизими йўлга қўйилгани иқтидорли ёшларни танлаш, саралаш ишларида самарадорликка эришишда муҳим омил бўлди. Ушбу спорт тизими орқали Ўзбекистон чемпионатининг минтақавий босқич мусобақаларига 127 минг нафардан ортиқ ёшлар жалб этилди.
Спорт вазирлигида “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” мусобақаларининг минтақавий босқич якунлари ҳамда келгусида ушбу мусобақаларга тайёргарлик ишларини кучайтириш масаласига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида шу ҳақда сўз юритилди.

– Бир пайтлари олимпия спорт турлари бўйича Ўзбекистон чемпионатининг минтақавий босқич мусобақалари номигагина ташкил этилиб, спорт мактабларида, тўгаракларда шуғулланаётган ёш спортчиларнинг кам сонли қисминигина қамраб оларди. Айрим спорт турлари бўйича ҳаттоки, минтақавий босқич мусобақалари ҳам ўтказилмасди. Янги тизимнинг йўлга қўйилиши сўзсиз мусобақаларда қатнашадиган иштирокчилар сони билан биргаликда сифат кўрсаткичига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Рақамларга кўра, Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” мусобақаларининг минтақавий босқич мусобақалари орқали 127 минг нафардан ориқ ёшлар қамраб олинди, – дейди Спорт вазирлиги бўлим бошлиғи Музаффархўжа Раҳматхўжаев.

Йиғилиш давомида “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” спорт мусобақаларининг навбатдаги босқичига талабномаларни "ERP спорт" тизимига киритилиши ва иштирокчилар маълумотларининг ҳаққонийлигини таъминлаш каби масалалар юзасидан масъулларнинг ҳисоботи тингланди.
Хусусан, ҳудудий босқич мусобақаларида йўл қўйилган хато ва камчиликларни такрорламаслик, иштирокчиларга керакли шарт-шароитларни яратиш, мусобақаларни пухта тайёргарлик кўрган ҳолда юқори савияда ташкил этиш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Т.Рўзиев, ЎзА