Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрами арафасида Асака тумани Дўрмон маҳалласида жойлашган 27- умумтаълим мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Туман ҳокими Насибулло Мўминов, кенг жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари иштирокида янги қиёфа касб этган мактаб очилишига бағишланган тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда умумтаълим мактаблари учун мослаштирилган бинолар қуриш, мактабларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчи ва ўқувчиларга зарур шарт-шароитлар яратиш, таълим сифати ва самарадорлиги ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
[gallery-25061]
1980 йилда қурилган икки қаватли 420 ўринли мактабнинг эски биносида 980 нафар бола таҳсил олар, қолаверса, бино анча нураб кетган эди. Ана шу ҳисобга олиниб, 2024 йилнинг инвестиция дастури доирасида мактаб капитал таъмирланди, қўшимча 4 қаватли, 520 ўринли янги бино, сунъий қопламали футбол майдони барпо этилди.
Эндиликда мактабда ўқувчиларнинг пухта билим олиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча шароит яратилди. Хусусан, янги бинодаги 3 та электрон лаборатория , 22 та ўқув, 2 та информатика хоналари кўргазмали воситалар, зарур жиҳозлар билан таъминланди.
Қурилиш ишлари "Prium insaat bilʼding" масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан бажарилди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари учун давлат бюджетидан 8 миллиард 58 миллион сўм маблағ сарфланди.
Тадбирда мактаб жамоаси мактаб бутунлай янги қиёфага келтирилганлиги, яратилган шарт-шароитлар учун Президентимизга, мутасаддиларга миннатдорчилик билдирди.
Тадбир якунида туман ҳокими Н. Мўминов бир гуруҳ қурувчиларга совға-саломлар топширди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари