Қарши давлат университети хорижий тиллар факультетинингянги ўқув биноси фойдаланишга топширилди.
Тантанали очилиш маросимида иштирок этган Қашқадарё вилоят ҳокими М.Азимов ва бошқалар, университет жамоаси ҳамда талабаларини таълим муассасасида яратилаётган шароит ва қулайликлар билан самимий табриклаб, муваффақият тилади.
1000 ўринли кўркам хорижий тиллар факультети ўқув биноси замонавий архитектура ечимига эга. 5 қаватли янги бинонинг барча ўқув хоналари замонавий интерактив доска ва аудио тизимлари билан жиҳозланган. Талабаларнинг нутқ ва эшитиш кўникмаларини ривожлантириш учун лингафон кабинетлари, маъруза заллари, медиа студия ҳамда юқори тезликдаги интернет Wi-Fi тармоғи мавжуд.
Хусусан, ўрганилаётган тилга оид амалий билимларини такомиллаштириш мақсадида хитой, немис, француз, рус, инглиз тиллари ва Erasmus+ дастурлари, KOICA, синхрон таржима марказларининг фаолияти йўлга қўйилган.
Таъкидлаш лозимки, ҚарДУ жанубий минтақа таълим бозорида етакчи ўринни эгаллайди. Айни кунда олий таълим муассасасида 13 та факультет ва 43 та кафедра мавжуд.
[gallery-22740]
Бугунги кунда олийгоҳнинг 17 минг нафарга яқин талабасига 697 нафар профессор-ўқитувчи таълим бермоқда.
Сўнгги 4 йилда университетнинг моддий-техника базасини яхшилаш, педагог-ходимлар ва талабалар учун қулай шароитлар яратиш, университет инфратузилмасини тубдан янгилаш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, 2021-2024 йиллар янги 3 та талабалар ётоқхонаси қурилди ва жиҳозланди. Натижада қўшимча 1 минг 382 та ётоқ ўрни яратилди. Республикада биринчи бўлиб, талабаларнинг ётоқхонага бўлган эҳтиёжи 100 фоизга таъминланди. Университет ҳудудида 300 ўринли замонавий ошхона қурилди. “Кир ювиш” маиший хизмат кўрсатиш кичик корхонаси қуриб фойдаланишга топширилди. Филология факультетида талабалар учун янги 100 ўринли ошхона қурилди ва факультетнинг спорт зал биноси мукаммал таъмирланди.
Маълумот ўрнида, Қарши давлат университети халқаро рейтингларда янги босқичга кўтарилиб, (THE) Impact Ranking — 2024 да БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича 6 йўналишда илғор 1000 талик, 3 йўналишда 1500 талик рўйхатга киритилди. 2024 йил сентябрь ойида ENQA – Олий таълим сифатини таъминлаш бўйича Европа ассоциацияси аъзолигига эга “IAAR” мустақил аккредитация ва рейтинг агентлиги ташқи эксперт комиссиясининг хулосасига кўра, университетнинг “Филология ва тилларни ўқитиш (инглиз тили)” бакалавр таълим дастури 5 йил муддатга халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтди (бакалавр дипломи дунёнинг 70 дан ортиқ давлатларида тан олинади).
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари