
Юртимиз бўйлаб "Yangi Nafas" номли кенг кўламли оммавий югуришларнинг баҳорги босқичи бошланди. Тадбирлар Спорт вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда вилоят ҳокимиятлари ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
2019 йилда Енгил атлетика федерацияси томонидан асос солинган "Yangi Nafas" ҳаракати югуриш маданиятини тарғиб этиш ва соғлом турмуш тарзини оммалаштиришни мақсад қилган.
2024 йил октябрь ойида илк бор "Talaba Yugur" синов лойиҳаси йўлга қўйилиб, 160 та олий таълим муассасасидан 20 мингдан ортиқ талабани бирлаштирди. Ушбу лойиҳа муваффақиятли ўтиб, югуриш дастурларини кенг аудиторияга ёйишга асос бўлди.

Бугунги кунда лойиҳа қуйидаги йўналишларда кенгаймоқда:
"O‘quvchi Yugur" – мактаб ўқувчилари учун,
"Talaba Yugur" – олий таълим талабалари учун,
"Inson Uchun" – ногиронлиги бўлган фуқаролар учун,
"Save Aral" – Орол ҳудуди ривожланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида.

Баҳорги босқичнинг муҳим тадбирларидан бири – "Save Aral" хайрия югуриши бўлиб, у Оролбўйи ҳудудидаги экологик муаммоларга эътибор қаратади. Бу доирада оммавий дарахт экиш каби экологик акциялар ҳам ўтказилади.
Югуриш тадбирлари 4 апрелдан 21 майгача давом этади ва мамлакатнинг 14 та шаҳрини қамраб олади. Иштирокчилар "Yugur.uz" онлайн платформаси орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин. Ушбу платформа орқали югуриш натижаларини ҳам реал вақт режимида кузатиш имконияти мавжуд.

Ҳар бир югуриш йўналиши, санаси, бошланғич тўпламларни тарқатиш жойи ва бошқа батафсил маълумотлар "Yugur.uz" сайтида эълон қилинади.
Марафоннинг дастлабки босқичлари Сирдарё ва Жиззах вилоятларида бўлиб ўтди. "Eco-Save Aral-2025" ва "Inson uchun" хайрия югуришида ҳар бир вилоятдан 3 минг 500 нафарга яқин иштирокчи қатнашди. Улар орасида талабалар, профессионал таълим муассасалари ўқувчилари, божхона ходимлари ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вакиллари бор эди.

Барча иштирокчилар белгиланган масофани катта иштиёқ билан босиб ўтишди. Тадбирда фаол қатнашганларга эсдалик совғалари, мусобақа ғолибларига эса қимматбаҳо совғалар топширилди.
Марафон республика бўйлаб давом этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА