Сирдарё вилоят ҳокимлигининг амалий кўмаги билан Сирдарё вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасига 4 та махсус жиҳозланган “Дамас” автомашинаси топширилди.
Сирдарё вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи Жўрабек Ҳасановнинг маълум қилишича, мазкур автомашиналар хизмат кўрсатиш ҳудуди кенг бўлган туманларга – Боёвут, Мирзаобод, Ховос ва Оқолтин туманларига тақсимланиши режалаштирилган.
Бу махсус автотранспорт воситалари чекка ҳудудларда яшовчи аҳолидан олинадиган намуналарни лабораторияларга тезкор етказиб бериш, шунингдек, олис ҳудудларда эпидемиологик таҳлил ва дезинфекция ишларини амалга оширишда қўл келади.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар жараёнида санитария-эпидемиология хизматларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, хусусан, жадал ҳаракатланиш имкониятига эга автотранспорт воситалари билан таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, инфекцион касалликлар тарқалишига қарши тезкор чоралар кўришда махсус автомашиналарнинг ўрни беқиёс.
Мазкур ташаббус аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, санитария-гигиена қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш ва эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш борасида муҳим амалий қадам бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири