Бухоро вилояти Ромитан тумани Хоса маҳалласида 3552 нафар аҳоли, 1037 та оила истиқомат қилади. Улардан 131 нафари ногиронлиги бўлган шахс, 77 та оила эса камбағаллик тоифасига мансуб.
Маҳалла ижтимоий ходими Дилрабо Содиқова томонидан бугунги кунга қадар 24 нафар эҳтиёжманд фуқаро бўйича индивидуал кейслар очилди. Уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашуви ва фаровонлигини таъминлаш йўлида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Шундай фуқаролардан бири — 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган Озодбек Ҳайитов. Ижтимоий ходим ташаббуси билан у адаптив спортнинг енгил атлетика йўналишига жалб қилиниб, ҳозирда машғулотлар билан мунтазам шуғулланмоқда. Спорт машғулотлари унинг соғлиғини мустаҳкамлаш, иродасини чиниқтириш ва ҳаётга бўлган ишончини оширишда муҳим ўрин тутмоқда.

-Бундан ташқари, Озодбекнинг расм чизишга бўлган қизиқиши ҳам эътибордан четда қолмади, -дейди маҳалла ижтимоий ходими Дилрабо Содиқова. -Унинг ижодий ишлари ижтимоий ходим кўмагида турли танловларга тақдим этилди. Ранг-баранг ва мазмунли чизмалари Озодбекка янги илҳом бағишлаб, ижодий салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Хоса маҳалласида амалга оширилаётган бундай ташаббуслар ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг нафақат моддий, балки маънавий аҳамиятга ҳам эга эканини кўрсатади. Зеро, инсон ўз қобилиятини рўёбга чиқариш имкониятига эга бўлса, ҳаётида янги уфқлар очилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.