Қуйи Чирчиқ туманидаги “Сергели” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Туркиянинг йирик текстиль компанияси “TESMAK TEXTILE MAKINA” корхонаси билан биргаликда “ТАЛОС” масъулияти чекланган жамият қўшма корхонаси фойдаланишга топширилди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси ва “Marmara Group” стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси кўмагида амалга оширилди. Корхонанинг очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, туман ҳокимлиги масъуллари, соҳа мутахассислари ва ҳудуд фаоллари қатнашди.
Президентимизнинг 2024 йил 1 майдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларининг хорижий бозорларга кенгроқ кириб бориши учун шароитлар яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
[gallery-19614]
– Ҳозирда ташкил этилган янги корхонада 30 та яқин ишчи ўрини яратилган, – дейди Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири маслаҳатчиси Баҳодир Умурзоқов. – Шунингдек, 2024-2025 йилларда 200 та янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. Бу жараёнда асосан хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Бу ерда қамишдан тайёрланган ипдан мато тўқилади. Ҳозирча асосий хомашё хориждан олиб келинмоқда. Ишлаб чиқарилган мато асосан хориж давлатларига экспорт қилинади.
Мазкур лойиҳа учун Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси томонидан 3 миллиард сўм, Туркия давлатидан келган инвесторлар томонидан эса 1,5 миллион доллар маблағ ажратилди. Натижада ҳудудда янги бино қурилиб, замонавий техникалар ўрнатилди. Келгусида эса катталар ва болалар учун “ТАЛОС” МЧЖ ҚК томонидан тўқилган матолардан таниқли брендлар асосида тайёр маҳсулот ишлаб чиқариб Европа, Осиё, шунингдек, Ғарб давлатларига экспорт қилиш режалаштирилган. Муҳими, жамғарма томонидан ажратилган маблағлар келгусида олинган даромадлардан қайтарилади ва янги лойиҳаларга яна сарфланади.
Тадбир иштирокчилари корхонада яратилган шароитлар билан танишди. Шу ернинг ўзида тўқув дастгоҳларини SHOWROOM тақдимотлари ўтказилди.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА