Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Комил Синдаровни китобхонлар яхшигина детектив устаси сифатида билади.
Яқиндагина ижодкорнинг яна бир китоби нашр этилди.
Уюшмада ўтказилган Комил Синдаровнинг “Тазарру” китоби тақдимотига бағишланган тадбирга талаба-ёшлар, адабиёт мухлислари тўпланди.
Тақдимот тадбирида ёшлар маънавиятини юксалтиришда мутолаа маданиятининг ўрни ва аҳамияти беқиёслиги, халқимизни китобхон миллатга айлантириш йўлида мамлакатимизда зарур барча чора-тадбирлар кўрилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо Комил Синдаровнинг ҳуқуқшунос, ҳам ижодкор сифатидаги фаолияти хусусида батафсил сўзлади.
[gallery-24454]
Муаллифнинг “Қимматга тушган хато”, “Темурийлар кутубхонасининг сири”, “Амирликнинг олтин тахти изидан” китоблари ўтган йиллар мобайнида “Ўзбек детективи” рукнида чоп этилиб, китобхонлар томонидан илиқ қарши олинган.
Мазкур янги китоб – “Тазарру” ҳам детектив жанрида бўлиб, ҳаётий ҳақиқатларни оқ ва қора рангларда яққол тасвирлайди.
Комил Синдаров ўз қаҳрамонларини яхши ёки ёмон, деб ажратмайди. Ўқувчи мутолаа жараёнида фикрлайди, мулоҳаза қилади, атрофида содир бўлаётган воқеаларни жонли тасвирларда кўради ва ниҳояда ўзи хулоса ясайди.
Муаллифнинг касбий фаолиятда бевосита рўбарў бўлган жиноят тафсилотлари детектив ихлосмандлари учун ажойиб мавзу ва ёқимли мутолаа бўлиши шубҳасиз.
“Терговчи” деган умумий ном остида нашрга тайёрланган мазкур детектив серия ёзувчи ижодининг ўнта китобини ўз ичига олади.
Тақдимот тадбирида К.Синдаровнинг янги китоби хусусида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА