Ҳар бир давлат ташқи сиёсатини амалга оширишда дипломатик алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро муносабатларни ривожлантириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка алоҳида аҳамият қаратади.
Олий даражадаги расмий ташрифлар нафақат ишончни мустаҳкамлайди, балки шерикликнинг янги йўналишларини ҳам белгилайди. ЎзА ушбу рукн орқали олий даражадаги мулоқотлар, уларда кўтарилган масалалар ва имзоланган ҳужжатлар бўйича ҳафта давомидаги тафсилотларни тақдим этади.
Қатар амири Тамим бин Ҳамад аль-Тани Миср ташқи ишлар вазири Бадр Абдул Аттини қабул қилди.
Таъкидланишича, ушбу дипломатик мулоқотда асосан араб давлатлари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, минтақавий ва миллий хавфсизликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинган.
Учрашувда Бадр Абдул Атти минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва биргаликдаги ҳаракатларни тезлаштириш зарурлигини қайд этди. Шунингдек, Қатар суверенитети ва миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳар қандай ҳаракатлар қораланди ва бундай ҳаракатларга ҳеч қандай асос йўқлиги алоҳида таъкидланди.
АҚШ молия вазири Скотт Бессент ва Хитой бош вазири ўринбосари Хэ Лифэн Парижда савдо масалалари бўйича музокара ўтказди.
Таъкидланишича, учрашув Оқ уй раҳбари Дональд Трампнинг ХХРга режалаштирилган ташрифи олдидан тайёргарлик сифатида ташкил этилган.
Томонлар АҚШ тарифлари, Хитойнинг ноёб ер минераллари, юқори технологияли маҳсулотлар экспортини назорат қилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт-импорти масалаларини муҳокама қилишди.
Украина президенти Владимир Зеленский ва Франция етакчиси Эммануэль Макрон Парижда учрашув ўтказди.
Хабарларга кўра, ушбу мулоқот Украинадаги низо ва Европа хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорлик масалаларида келишувга эришиш мақсадида ташкил этилган.
Шунингдек, томонлар Украинага ҳарбий, молиявий ва гуманитар ёрдамни давом эттириш ва РФга нисбатан санкциялар ва босимни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишди.
Макрон Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Европа давлатлари хавфсизлиги Украинадаги вазият билан бевосита боғлиқ бўлиб, барқарор тинчликка эришиш учун халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга.
Ф.Яхшибоева, ЎзА