Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йилни “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши юртимизда экология йўналишда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди.
Бугунги кунга келиб курраи заминимизда иқлим ўзгариши, атроф-муҳит, ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, ўрмонларнинг кесилиши, тупроқ эррозияси, қазилма ёқилғиларининг беҳисоб ишлатилиши, чиқинди муаммолари табиат ва инсон ўртасидаги номутаносиблик туфайли юзага келаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Бундан 3 йил муқаддам юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига старт берилиб, “яшил” энергетика иқтисодиётимиз бош тамойилларидан бирига айланиб бораётганини ҳам шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозим.

Президентимиз томонидан жорий йилнинг 24 мартидаги “Чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасини янада такомиллаштириш ҳамда комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорининг чиқарилиши эса нафақат чиқинди, атроф-муҳит ва экология бузилишининг олдини олиш муаммолари, балки “яшил” энергетика ривожида ҳам муҳим аҳамият касб этди. Ушбу қарор ижроси доирасида Жиззах вилоятида ҳам бир қатор хайрли саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилгани таҳсинга лойиқ.
Мазкур йўналишда ҳаётга татбиқ этилаётган янги лойиҳаларнинг халқаро миқёсдаги ҳамкорлик алоқалари билан йўлга қўйилиши, амалга оширилиши кутилган самараларни бермоқда.

Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Экология вазирлиги Корея атроф-муҳитни муҳофаза қилиш корпорацияси (K-Eco) билан ҳамкорликда мамалакатимизда чиқиндиларни барқарор утилазация қилиш иншоотларини қуриш бўйича янги ҳамкорлик лойиҳалари имзолаган эди. Ушбу лойиҳага кўра, “K-Eco” компанияси билан Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳудудида чиқиндиларни қайта ишлаш заводи қуриш бўйича 6 миллион 200 минг АҚШ долларилик грант шартномаси имзоланган.
Лойиҳани амалга оширишда антисанитар чиқинди полигонидаги экологик вазиятни яхшилаш, чиқинди газини йиғиш ва ундан электр энергияси ишлаб чиқариш орқали иссиқхона газлари чиқиш миқдорини камайтириш мақсадлари кўзланган.
Шу ўринда, “K-Eco” команияси ҳақида қисқача тўхталадиган бўлсак, ижтимоий институт мақомига эга бўлган мазкур компания бир неча йиллардан буён мамлакатимиздаги экологик лойиҳаларда фаол иштирок этиб келмоқда. Ушбу лойиҳалардан тоза атмосферани яратиш, ресурсларни қайта ишлаш учун хавфсиз яшаш муҳитини юзага келтириш ва келажак учун институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш каби йўналишлар ўрин олган.

Жиззах вилоятидаги Шароф Рашидов тумани марказий чиқинди полигонида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа келгуси – 2026 йилнинг декабрь ойига қадар давом этиши белгиланган. Тумандаги полигоннинг умумий ер майдони 25 гектарни ташкил этиб, бу ерга кунига Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов туманидаги аҳоли хонадонларида ҳосил бўлган 300 тоннадан ортиқ қаттиқ маиший чиқиндилар олиб келтирилади.
Яқинда, “K-Eco” компанияси мутахассислари вилоят экология бошқармасида бўлди ва ушбу учрашувда экология бошқармаси мутахассисларидан ташқари вилоят прокуратураси, солиқ ҳамда божхона бошқармалари раҳбар ва мутахассислари иштирок этишди ва унда чиқиндиларни утилизация қилишга мўлжалланган махсус технологияларни олиб кириш, ўрнатиш ҳамда ишлатиш масалалари соҳа мутахассислари билан биргаликда атрофлича муҳокама қилинди. Туман ҳудудидаги полигонда маиший чиқиндиларни қайта ишлаш учун грант лойиҳа ҳамда унинг концепцияси ишлаб чиқилди.
Мухтасар қилиб айтганда, энди чиқиндилар қайта ишланиб, ҳосил бўлган газдан электр энергияси ишлаб чиқарилади ва барпо этилажак заводда қайта ишланган чиқиндилар даромад манбаига айланади.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири