Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан Нурафшон шаҳрида бир қатор янги ижтимоий соҳа объектлари ва кўплаб бинолар фойдаланишга топширилди.
Унда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, ҳудуд масъуллари, депутатлар, нуронийлар, фаоллар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Дастлаб, Нурафшон шаҳрида замонавий автобуслар қатновига рухсат берилди. Хусусан, вилоятда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи “Нурафшон жамоат транспорти” корхонаси томонидан Хитой давлатида ишлаб чиқарилган замонавий саккиз дона “YUTONG” русумли автобуслар келтирилди.
Мазкур автотранспорт воситалари Нурафшон шаҳрининг ички автомобиль йўли йўналишларига жойлаштирилиши режалаштирилган.
Шундан сўнг, “Наврўз” маҳалласида қад ростлаган “Нуронийлар маскани” ҳамда “Маънавият ва маърифат маскани” биносининг фойдаланишга топширилиши кекса авлод вакилларига давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътиборнинг амалдаги ёрқин ифодаси бўлди. Очилиш тадбирида сўзга чиққанлар юртимиздаги тинчлик ҳамда осойишталикка шукрона айтиб, яратилган қулайлик ва имкониятлар учун миннатдорлик билдирди.
[gallery-25101]
– Масканда нуронийларнинг мазмунли дам олиб, вақтини чоғ ўтказишлари учун барча шароит мавжуд, – дейди Нурафшон шаҳар Нуронийлар маскани раҳбари, 90 ёшдан ошган Жўра бобо Аҳмадқулов. – Бу ерда кутубхона, маънавият, тиббиёт, дам олиш хоналари, ошхона, спорт зал ва соғломлаштириш хонаси, шахмат-шашка столи мужассам.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, 0,11 гектар ер майдонида қад ростлаган ушбу маскан қурилиши учун 4,6 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, кекса ва ёш авлод вакилларига ўзаро мулоқотда бўлиш, қолаверса, саломатлигини мустаҳкамлаш, маънавиятини янада юксалтириш учун кенг имконият яратилган.
Шунингдек, байрам муносабати билан “Nurafshon business city” ҳудудида давлат хизматчилари учун қурилаётган уй-жойлар билан танишилди. Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ҳамда нуронийлар, фаоллар, кенг жамоатчилик вакиллари ва журналистларга ушбу ҳудудда қурилиши режалаштирилган ижтимоий соҳа объектлари лойиҳаси тўғрисидаги тақдимот намойиш қилинди.
Шундан сўнг, “Тошкент вилояти педагогик маркази” биноси қурилишига старт берилиб, эл-юрт равнақи, вилоят ривожи ва аҳоли турмуш фаровонлиги йўлида дуо қилинди. Маълумот учун, мазкур замонавий бино қурилиши учун жами 50,7 миллиард сўм миқдорда маблағ ажратилган бўлиб, 1,3 гектар ер майдонида барпо этилиши белгиланган. Марказ ишга тушиши билан педагогларнинг малакасини ошириш, таълим сифатини юксалтириш ва илғор тажрибаларни амалиётга жорий этиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Республика Тез тиббий ёрдам маркази Тошкент вилояти филиали биноси фойдаланишга топширилди. Мазкур иншоот мутасаддилар, соҳа вакиллари, жамоатчилик вакиллари, нуронийлар иштирокида тантанали тарзда фойдаланишга топширилди. 1,60 гектар ер майдонида замон талабларига мос, инновацион Тез тиббий ёрдам маркази барпо этилмоқда.
– Лойиҳа доирасида Тез тиббий ёрдам вилоят филиали, CАLL-марказ, Санавиация хизмати, Симуляцион ўқув маркази, Автохўжалик бўлими ҳамда Нурафшон шаҳар тез тиббий ёрдам бўлими жойлашган, – дейди Республика Тез тиббий ёрдам маркази Тошкент вилояти филиали бошлиғи Дониёр Бўрибоев. – Қурилиш ва жиҳозлаш ишлари учун давлат бюджети ҳисобидан қарийб 40 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Марказ ишга тушгач, бугунги кунда 157,5 тани ташкил этувчи диспетчерлик штат бирликлари сони 262,5 тагача оширилиши кутилмоқда. Яъни, яна 105 нафар малакали мутахассис янги иш ўринлари билан таъминланади. Очилиш маросимида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Шунингдек, ҳудуддаги “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган Фавқулодда вазиятлар бўлими учун янги қурилган бинонинг расмий очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.
А. Мусаев, А. Алижонов, ЎзА.(сурат)