«Yangi bank» АЖ омонатчиларига компенсация тўлаш 29 январдан бошланади (+видео)
Марказий банк бошқарувининг 2026 йил 15 январдаги қарорига мувофиқ «Yangi bank» акциядорлик жамиятининг банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олинди ҳамда банкни мажбурий тугатиш комиссияси таркиби тасдиқланди. Айни пайтда банкни тугатиш билан боғлиқ барча жараёнлар белгиланган тартибда амалга оширилмоқда.
"Yangi bank" АЖ фаолияти тугатилиши муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманининг асосий мақсади — омонатчилар ва кредиторларга пул маблағлари қандай тартибда, қайси манбалар ҳисобидан ва қачон қайтарилиши ҳақида содда ҳамда аниқ маълумот беришдан иборат бўлди.
Банкни тугатиш жараёни тўлиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки назорати остида олиб борилмоқда. Тугатиш комиссияси ўз фаолиятини амалдаги қонунчилик доирасида амалга оширади.
Банкка тегишли барча пул маблағлари Марказий банкда очилган махсус ҳисобварақда жамланмоқда. Ушбу ҳисобварақ орқали илгари берилган кредитларни қайтариш, банк мулкини реализация қилиш ва бошқа тушумлар йиғилиши таъминланади. Йиғилган маблағлар ҳисобидан банкнинг мажбуриятлари қонунчиликда белгиланган навбат асосида қоплаб борилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектларининг банклардаги 200 миллион сўмгача бўлган омонатлари давлат томонидан кафолатланади. Кафолатлаш ҳодисаси юзага келганда ушбу маблағлар Омонатларни кафолатлаш агентлиги маблағлари ҳисобидан тўлиқ ҳажмда тўлаб берилади.
Кафолатланган миқдордан ортиқ қисми ҳамда кафолатлаш объектига кирмайдиган омонатлар банкни тугатиш жараёни доирасида кўриб чиқилади ва қонунчиликда белгиланган тартибда Тугатиш комиссияси томонидан қопланади.
Кафолатланган омонатлар бўйича компенсация тўловлари агент-банк сифатида белгиланган “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ орқали амалга оширилади.
Агент-банк молиявий барқарорлик, капитал етарлилиги, ҳудудий инфратузилма ҳамда компенсация тўловларини ташкил этиш бўйича техник ва ташкилий салоҳият мезонлари асосида танлаб олинган.
Омонатчиларга компенсация тўловларини банкнинг мобил иловаси орқали онлайн тарзда, банк филиалларига мурожаат қилган ҳолда нақд пул кўринишида ёки бошқа ҳисобвараққа ўтказиш йўли билан олиш имконияти яратилган.
Қуйидаги омонатлар агентлик маблағлари ҳисобидан компенсация қилинади. 2025 йил 19 февралга қадар қўйилган муддатли омонатлар бўйича, агар омонат суммаси оширилмаган ва қайтариш муддати узайтирилмаган бўлса, қўйилган сумма тўлиқ ҳажмда компенсация қилинади. Фаолияти тугатилаётган банкдаги жисмоний ва юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг омонатлари, шу жумладан фоизлари билан бирга, умумий ҳисобда 200 миллион сўмгача бўлган қисми тўлаб берилади.
Қуйидагилар кафолатлаш объекти ҳисобланмайди. Банклар, нобанк кредит ташкилотлари, лизинг, суғурта, инвестиция ва пай фондлари ҳамда бошқа молия ташкилотларининг омонатлари, давлат ташкилотлари ва корхоналарининг омонатлари, банкка алоқадор шахсларнинг омонатлари (айрим истиснолардан ташқари) чет элда очилган филиаллар ёки шуъба банклардаги омонатлар, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари, суд қарори билан жиноий фаолиятдан олингани тасдиқланган маблағлар шулар жумласидан.
Қонунчиликка мувофиқ, кафолатланган омонатлар бўйича компенсация тўловларини олиш имконияти кафолатлаш ҳодисаси юзага келган санадан эътиборан 15 иш куни ичида яратилади.
Кафолатланган омонатлар бўйича тўловларни “Бизнесни ривожлантириш банки” томонидан амалга ошириш 2026 йил 29 январдан бошланиши режалаштирилган.
Кафолатланган миқдордан ортиқ ёки кафолатлаш объектига кирмайдиган омонатлар бўйича омонатчилар 2026 йил 16 мартга қадар Тугатиш комиссиясига ёзма талабнома топширишлари лозим.
Барча жараёнлар Марказий банк ва Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан доимий назорат қилинмоқда. Компенсация олиш учун омонатчилардан ҳеч қандай қўшимча тўлов талаб этилмайди.
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/xgBvrclZTHM?si=0456XERvN2unymCB" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова,
Ҳамроз Баянов (видео),
ЎзА