Мамлакатимизда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида замонавий “U-gas” ахборот тизими жорий этилмоқда.
“Ўзэнергоинспекция”да ўтказилган йиғилишда масъул мутахассислар ушбу тизимнинг жорий этилиш ҳолати ва амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапиришди.
Қайд этилганидек, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 июлдаги 387-сон қарорига асосан сиқилган газ етказиб бериш билан шуғулланувчи АГТКШлар орқали сотиладиган газ сарфини аниқ ҳисобга олиш ва унинг маълумотларини реал вақт режимида кузатиб бориш вазифаси белгиланган. Шунга кўра, ягона интегратор сифатида белгиланган “UZINFOCOM” МЧЖ томонидан “U-gas” тизими ишлаб чиқилди ва ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, “U-gas” тизими ёқилғи қуйиш шохобчаларида сарф ҳажмини назорат қилиш, йўқотишларни камайтириш ҳамда хавфсизликни таъминлаш имконини беради. Шу орқали нафақат газ қуйиш жараёнлари самарадорлиги ошади, балки қонунбузилишларнинг олди олинади.
Йиғилишда “Ўзэнергоинспекция” ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари томонидан ҳудудлар бўйича белгиланган режаларнинг бажарилиши таҳлил қилинди ва янги ахборот тизимини тўлиқ жорий этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади.
ЎзА