Мулоҳаза

Ижтимоий тармоқларда зумерлар (Generation Z) ҳақида турли маълумотларни кузатиб бораман. Бу маълумотлар кишини бефарқ қолдирмайди, албатта.  

Зумерлар – 1997-2012 йиллар орасида туғилган авлод. Яъни бугунги кундаги 13 ёшдан 28 ёшгача бўлган йигит-қизлар. Улар “интернет билан туғилган” ва технологиялар ҳаётининг ажралмас қисмидир.  

Кузатувларим асосида билдимки, икки фарзандим ҳам зумерлар авлодига мансуб экан. Қизиғи, уларнинг характерлари бир-биридан кескин фарқ қилади. Бири ҳаётга реалистик назар билан қараса, иккинчиси ҳиссиётга бой ва ижодий дунёқарашга эга. Она сифатида уларни яхши биламан, деб ўйлардим. Зумерлар ҳақида маълумотларга эга бўлганим сайин уларни янада чуқурроқ тушуна бошладим.

Зумерлар маълумотни тез ва кўп миқдорда қабул қилишга ўрганган. Улар учун YouTube – энциклопедия, TikTok – янгиликлар манбаи, Google – муаллим. Бу фақатгина кўнгилочар контент эмас, кўплаб зумерлар ушбу платформалардан ўрганмоқда, мутахассислик танламоқда ва, ҳатто, фаолият кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, бу авлодда диққатни жамлашда муаммолар ҳам кузатилиши мумкин. Улар тезкор маълумотга ўрганган, чуқур таҳлилга эса камроқ эътибор қаратади. Буни инобатга олган ҳолда таълим тизимида ҳам уларга янгича ёндашув талаб этилади.

– Зумерлар – рақамли муҳитда ўсган илк авлод, – дейди Тошкент амалий фанлар университети ўқитувчиси Марҳабо Исмоилова.  – Уларнинг билим олишга, ишлашга ва жамиятда ўз ўрнини топишга бўлган ёндашуви олдинги авлодлардан тубдан фарқ қилади. Уларни классик услубда ўқитиш самара бермаслиги мумкин. Масалан, дарсларда инфографика, видео-тақдимот, интерактив тестлар ва геймификация каби усуллар анча фаол натижа беради. Биз ўтказган сўровномада талабаларнинг 74 фоизи маълумотни видео шаклида тезроқ ва яхши қабул қилишини айтган. Бу натижалар зумерлар учун визуал ва интерактив таълим воситаларининг қанчалик муҳим эканини кўрсатади. Улар маълумотга шубҳа билан қарашади, танлов қилиш имкони бўлишини исташади. Шу боис, уларни назорат қилиш эмас, йўл-йўриқ кўрсатиш, маслаҳат бериш самаралироқ натижа беради. Биз – ота-оналар, ўқитувчилар, буни инобатга олган ҳолда янги методик ёндашувларни йўлга қўйишимиз керак.

Зумерлар учун шахсий фикр, эркинлик ва ўзлигини топиш биринчи ўринда туради. Уларни “бунақа бўлса тўғри”, “ҳамма шундай қилади”, деган қарашлар билан бошқариб бўлмайди.

Улар орасида смартфонсиз ёки Wi-Fi бўлмаган муҳитда улғайганлар деярли йўқ. Меҳмонга борганда суҳбатлашиш ўрнига телефонга қараб ўтириши, реал ҳаёт эмас, онлайн муҳитда фаолроқ бўлиш уларга хосдир.

– Зумерлар – ахборотга тўйинган муҳитда камол топмоқда, шу сабабли фикр юритишда эркин, ижтимоий адолат, тенглик ва шахсий қадриятларга катта аҳамият беришади, – дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети тютори Саодат Ҳафизова. – Уларнинг ахборот истеъмоли кўлами кенг – кўпинча YouTube, TikTok, Reddit ва бошқа платформалардан нафақат кўнгилочар, балки таълим, илмий, шахсий ривожланишга оид контентни маъқул кўришади. Мисол учун, Pew Research Center маълумотларига кўра, Gen Z нинг 59 фоизи янги нарсаларни ўрганиш учун видеоконтентдан фойдаланади. Бу бир қарашда ижобий кўриниши мумкин, аммо шу билан бирга, бу авлод жуда юқори темпда ахборот қабул қилишга ўргангани боис, диққатни жамлаш, маълумотни чуқур таҳлил қилишда қийналадиган ҳолатлар ҳам кўп. Уларнинг мияси “скроллаш режим”да ишлашга мослашган. Буни инобатга олган ҳолда таълим, тарбия, медиа ва турмушдаги муносабатларда ҳам янги ёндашувлар керак бўлади.  

Оилада фарзандларимни кўп кузатаман. Улар қарор қабул қилишда, курашишда ва, ҳатто, муҳокамада ҳам ўз фикрига содиқ қолишга ҳаракат қилади. Буни олдинги авлодлар содда тушунган бўлса, зумерлар учун бу табиий ҳолат. Фарзандларим билан суҳбатлашганда уларга руҳий сокинлик кераклигини, баъзида фақат тинглашнинг ўзи етарлидек бўлади.

Тез ўзгарувчан дунё, рақобат, ижтимоий тармоқлардаги босим, идеаллаштирилган ҳаёт тарзлари – булар зумерларнинг руҳий саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Уларда стресс, хавотир, ўзини қадрсиз ҳис қилиш ҳолатлари, аввало, интернет муҳитида пайдо бўлади.

Зумерлар бошқача фикрлайдиган, тезкор, технологияга мойил, шу билан бирга, ҳассос ва мазмунли ҳаётни истайдиган авлоддир. Уларни тушуниш учун танқид эмас, мулоқот ва англаш керак. Улар келажак эмас, ҳозирнинг ўзида жамиятга таъсир ўтказаётган куч.

Биз ота-оналар, устозлар бу авлодни қабул қилиш, қўллаб-қувватлаш ва, керак бўлса, улардан ўрганишимиз ҳам лозим. Чунки ҳар бир янги авлод жамиятнинг кўзгусидир.

Нилуфар Бозорова, ЎзА

English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги авлодни тушунмоқ керак