Андижон дунё миқёсида аҳоли зичлиги жиҳатидан биринчилар қаторида. Бу ерда янги уй-жой қуриш учун ер танқис. Шунинг учун ҳам “Янги Андижон” шаҳарчаси бунёд этишга қир-адирлар танланди. 57 гектар майдонда жойлашган бу уйлар пойдеворига дастлабки бетон қоришмаси қуйилганига атиги бир йил бўлмоқда. Аммо ҳозиргача ўнлаб бир-биридан гўзал бинолар қад ростлади. Бу биринчи, дастлабки босқич.
– “Янги Андижон” шаҳрининг умумий майдони 4 минг гектардан иборат. Бу ерда нафақат кўп қаватли турар жой бинолари, балки университетлар, ижтимоий соҳа, яъни, мактаб, мактабгача таълим муассасалари, шифохона, поликлиникалар ва шунга ўхшаш аҳолига ҳизмат кўрсатувчи бино ва иншоотлар барпо этилади, – дейди “Янги Анжидон” қурилиш дирекцияси директори Азизбек Омонов. – 4 минг гектар майдонда 500 мингдан ортиқ аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида 125 минг дона кўп қаватли квартиралар қуришни режалаштирганмиз.

Ҳозир ўша 57 гектар майдонда 192 та уй, 5084 та хонадон бунёд этиляпти. Уларнинг 80 фоизини маҳаллий ва 20 фоизини хорижий мутахассис ва инвесторлар қуришмоқда.
– “Янги Андижон” массивида 2 та 7 қаватли турар жой биноси қуряпмиз. Ҳар битта уйимизда 28 тадан хонадон бор. Ҳозирги кунда сўнгги пардозлаш ишлари кетяпти, – дейди “Кўхинур мадад ҳамроҳ” МЧЖ иш юритувчиси Абдулазиз Абдулазизов. – Бу уйларимиз янгича услубда қурилган бўлиб фундаментдан тортиб то охиригача монолит бетон ва арматурадан иборат. Шунинг учун бу биноларимиз зилзилага бардошли ва мустаҳкам. Янги қурилаётган уйларимизга 40 фоиз ҳаридорларимиз бор. Ҳозирда улар билан шартнома тузиш ишлари олиб бориляпти.

“Янги Андижон”нинг дастлабки босқичи массивида уй-жойлар билан бир вақтда ижтимоий иншоотлар ҳам қурилмоқда. Мактаб биноси, хизмат кўрсатиш тармоқлари ҳамда мактабгача таълим муассасаси тайёр ҳолатда. Уларнинг яна бир жиҳати шундаки, масалан болалар боғчасида тарбиянинг энг интерфаол услублари учун имкониятлар яратилган.
Умуман “Янги Андижон” шаҳарчасида қурилиш саноатининг жаҳон илғор тажрибаси қўлланиляпти. Масалан, йўллар бир кўринишда оддий асфальтлангандек. Лекин, аслида ундай эмас. Асфальтнинг остки қатламига бетон қопланган. Бу эса унинг фойдаланиш муддатини 4-5 баробарга узайтиради, йўл ҳамиша сифатли сақланади.

Ёки, шаҳарча уй-жой коммуникацияларининг барчаси ер ости тунелларидан ўрин олган. Бундай тажриба Андижонда биринчи бўлиб жорий этилмоқда.
– Ер ости коммуникацияси оқава сув тизими, ичимлик суви, 2 дона иссиқ сув тизимини ўз ичига олади. Бундан ташқари чап томонда электр кабеллари, интернет учун оптик кабель шуларнинг ҳаммасини ўз ичига олган ҳолатда хизмат кўрсатади.

Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, бетон тунеллар устида пиёдалар йўлаги жойлашган. Йўлак плиталари айнан бетон асосга эгалиги учун текис ҳамда мустаҳкамдир.
Сув, сувоқава, электр тармоқларининг ер остига ўтказилиши энди уларга хизмат кўрсатишда қулайлик яратади, хизмат муддатини узоқлаштиради, таъмирлаш зарур бўлганда кўчалар қазилмайди. “Янги Андижон” экологик жиҳатдан энг қулай шаҳар бўлади.

– Массивимизнинг олд қисмида 116 гектар майдонда павлониязор, яъни яшил ҳудудлар ташкил қилганмиз. Бу эса аҳоли саломатлигини тиклаш, ёки кунлик бадантарбия билан шуғулланиш учун жуда ҳам кенг имконият беради.
Юқорида “Янги Андижон” қурилишида хорижий инвесторлар ҳам иштирок этаётганини айтган эдик. Улардан бири Туркиянинг “Business House” компаниясидир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/YqwJwxbfyYg" title="“Янги Андижон” – Янги Ўзбекистоннинг ташриф қоғози" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>– “Янги Андижон”ни мега лойиҳа дейиш мумкин. Амалиётда бундай яхлит ва улкан уй-жой массиви барча давлатларда ҳам қурилавермайди. Бизнинг компания бу ердан бешта уй олган. Тўрттаси тайёр. Ҳозир яна биттасини тугаллаяпмиз. Биз бу ерда уйни энг илғор технологиялар асосида темирбетон каркасли усулда қуряпмиз, – дейди компания иш юритувчиси Исрофил Челик. – Айни кунларда яна 2 та кўп қаватли уй қурилишини бошлаймиз.
Кўп марта эшитгандан бир марта кўрган афзал, деганларидек Андижонга келинг. “Янги Андижон” Янги Ўзбекистоннинг ташриф қоғозига айланганини ўз кўзингиз билан кўринг.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА