
Бразилияда бокс бўйича “World Boxing” ташкилоти томонидан ўтказилган жаҳон кубогида сўнгги ҳал қилувчи финал жанглари ўтказилди.
Нуфузли мусобақанинг -50 кг. вазн тоифасидаги финал баҳсида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Асилбек Жалилов (-50 кг) ва Франция вакили Ники Куммингс ўзаро рақобатлашди. Ушбу баҳсда Асилбек Жалилов ҳакамлар қарорига кўра шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. -75 кг вазн тоифасида ташкил этилган баҳсларда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Фазлиддин Эркинбоев финалда бразилиялик Кауе Белинига қарши баҳс олиб борди. 3 раундлик жангда Ф.Эркинбоев ғалабасини нишонлади.

Жаҳон кубоги доирасида ўзбекистонлик Тўрабек Ҳабибуллаев (-90 кг) ҳамда Англия вакили Исаак Окох ўртасидаги беллашувда боксчимиз ғалаба қозонган ҳолда чемпионга айланди.
Миразизбек Мирзахалилов -55 кг вазнда қозоғистонлик Нурсултан Алтинбекга ҳакамларнинг қарорига кўра имкониятни бой бериб қўйди. Яна бир боксчимиз Акмалжон Исроилов -85 кг. вазнда қозоғистонлик Даулет Тулемиссовга 3:2 ҳисобида мағлуб бўлди ҳамда иккинчи кумуш медални термамизга келтирди. -60 кг вазнда эса Мадиёр Данияров бронза медалига сазовор бўлди.

Шунингдек, -80 кг. вазнда Жавоҳир Умматалиев ва мезбонлар вакили Вандерлей Перрейра ўртасидаги жангда вакилимиз 4:1 ҳисобида ғалаба қозониб, олтин медалга эга чиқди. +90 кг. вазндаги маҳоратли боксчимиз Жаҳонгир Зокиров англиялик Дамар Томасни 3:2 ҳисобида енгиб, терма жамоамизга навбатдаги олтин медални келтирди.
Шу тариқа, термамиз умумжамоа ҳисобида 5 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медали билан биринчи ўринни банд этди. Иккинчи ўринни мезбон Бразилия (3 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза) эгаллаган бўлса, кучли учликка Қозоғистон якун ясади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА