«Welcome to Bustanlik» халқаро миллий таомлар фестивали бўлиб ўтди
Хорижлик меҳмонларнинг таърифича, ўзбек таомлари дунё бўйича энг мазали ва фойдалидир. Айниқса, улар таомларимиздан – палов, қайнатма шўрва, тандир гўшт, сомсани севиб истеъмол қилади.
Шу сабабли, сайёҳлар мамлакатимизга келдими, албатта, ўзбек паловини тановвул қилмасдан, юртига қайтмайди.
Яқинда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўтказилган «Welcome to Bustanlik» халқаро миллий таомлар фестивалида ҳам сайёҳлар миллий таомларимизни яхши кўриб, истеъмол қилишини таъкидлади.
– Юртингиз табиати ва миллий таомлари менга жуда-жуда манзур бўлди. Паловни тановвул қилиб кўриш орзуим эди. Бўстонлиқда мени палов билан сийлашди, –деди суҳбат чоғида хорижлик сайёҳ Надежда Иванова.
Ўзига хос байрамано тус олган миллий таомлар намойишда иштирокчилар билан бирин-кетин суҳбатда бўлдик.
– «Welcome to Bustanlik» халқаро миллий таомлар фестивали маҳаллий ва хорижлик иштирокчиларга кўтаринки руҳ бағишлагани бизни қувонтирди. Бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 30 дан ортиқ миллий таом тайёрланди. Унда вилоятимиздаги 22 туман ва шаҳарлардан миллий таомлар, жумладан, ўзбек палови, Сўқоқ кабоби, этник таом – калла-поча, норин, ҳасип, манпар, тандир кабоб, сомса ва бошқа кўплаб таомлар намойиш этилди.
Фестивалда Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Беларусь Республикаси, шунингдек, мамлакатимизнинг вилоятларидан келган меҳмонлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат 9,5 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашди, – деди Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Жамшид Бобожонов.
[gallery-8351]
Фестивалда “Беғубор” халқ ансамблининг куй-қўшиқлари иштирокчилар эътиборини тортди. Жамоанинг қозоқ ва ўзбек тилидаги куй-қўшиқлари барчага манзур бўлиб, уларни давомли қарсаклар билан олқишлади.
Бўстонлиқ туманидаги 31-мактаб мусиқа фани ўқитувчиси Жарқиной Ўрмонова раҳбарлик қилаётган ушбу ансамбль жамоаси мактаб ўқувчиларидан иборат бўлиб, бугунги кунда улар ўз мухлисларига эга.
– 2016 йилдан бошлаб Бўстонлиқ туманидаги 31-мактабимизда “Беғубор” дуторчилар ансамблини ташкил қилдик. 2019 йилда Жиззах вилоятидаги Қозоқ маданият марказининг очилишида иштирок этдик. Ушбу тантанали тадбирда биз Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан учрашишга муваффақ бўлдик. Бу учрашув биз учун улкан ютуқларга эришишимизда катта туртки бўлди. Ансамблимизга “Халқ ансамбли” унвони берилди. 2020 йилда бир қатор маҳаллий ва халқаро танловларда ҳам муваффақиятли иштирок этдик.
Миллий таомлар фестивалида қозоқ ва ўзбек миллатларининг куй-қўшиқлари билан иштирокчилар олқишига сазовор бўлганимиздан беҳад хурсандмиз, – деди Ж.Ўрмонова.
Навбатдаги суҳбатдошимиз – Малика Эргашева. У Оҳангарон туманидаги “Оҳанграбо” фольклор этнографик жамоасининг раҳбари ва ушбу йўналишдаги қўшиқлар ижрочиси ҳамдир.
– Мазкур фестивалда иштирок этиб, бир олам таассуротларга эга бўлдик. Кўп қатори бўлайлик дея, ҳам ашулалар айтиб меҳмонларни кутиб олдик, ҳам миллий таомларимизни намойиш этдик. Оҳангарон тумани миллий таомларини меҳмонларга тортиқ қилдик, – деди М.Эргашева.
Куй-қўшиқлар, жозибали рақсларга уланган фестиваль якунида иштирокчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА