BBC ёзишича, миллиардер Жефф Безосга тегишли “The Washington Post” газетаси раҳбарияти ходимларга кенг кўламли қисқартириш режалаштирилаётганини билдирди. Ўзгариш асосан спорт, маҳаллий ва халқаро янгиликлар бўлимларида юз бериши кутиляпти.
Манбалар маълумотига кўра, тахминан 30 фоиз мутахассис ишини йўқотади. Жумладан, таҳририят ва бизнес бўлимларидаги 800 га яқин журналистнинг 300 дан кўпи бўшатилади. Кутилаётган воқеа “The Washington Post” тарихидаги энг йирик, кенг кўламли қисқаришлардан биридир.
Бош муҳаррир Maтт Mаррей ходимлар билан суҳбатда шундай деган:
– Газета ўтган давр мобайнида жиддий молиявий йўқотишни бошдан кечириб, ўқувчиларимиз эҳтиёжини тўлиқ қондира олмади. Шу боис самарадорликни ошириш, ресурсларни муҳим мақсадларга йўналтириш заруратини ҳис қиляпмиз.
Таҳририят иши мувофиқлаштирилиши нафақат ходимлар сони, балки янгиликлар ҳажмига ҳам таъсир қилиши мумкин. Мутахассислар таъкидлашича, қисқартириш айниқса спорт хабарлари, маҳаллий янгиликлар ва халқаро бўлим журналистлар фаолиятига сезиларли таъсир кўрсатади.
Шунингдек, ўзгариш газета рақобатбардошлигини сақлаш, рақамли платформалар орқали янгиликни ўқувчига сифатли ва самарали етказиш ҳамда молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА